"Ўзкимёсаноат" АЖ

«Ўзкимёсаноат» АЖ бошқаруви раиси Тошкент кимё-технология институти талабалари билан учрашди

// 12.03.2026
https://uzkimyosanoat.uz/uz/press/news/uzkimyosanoat-azh-boshqaruvi-raisi-toshkent-kimyo-tehnologiy

Тошкент шаҳридаги Тошкент кимё-технология институтида «Ўзкимёсаноат» АЖ бошқаруви раиси талабалар билан очиқ мулоқот ўтказди.

Ушбу учрашув ёшларнинг билим ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, соҳадаги истиқболли йўналишлар ҳамда келгуси имкониятлар ҳақида фикр алмашишга бағишланди.

Мулоқот давомида талабалар кимё саноатида амалга оширилаётган ислоҳотлар, янги инвестиция лойиҳалари, ишлаб чиқариш жараёнларида замонавий технологияларни жорий этиш ҳамда ёш мутахассислар учун яратилаётган шарт-шароитлар ҳақида батафсил маълумот олдилар. Шунингдек, талабалар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиб, таклиф ва ташаббусларини билдириш имконига эга бўлдилар.

Қайд этилганидек, давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 24 февраль куни ёшлар билан ўтказган учрашувида мамлакатимизда ҳар ҳафтанинг пайшанба куни вазирликлар, идоралар ва ҳокимликларда «Ёшлар куни» сифатида ўтказилишини маълум қилган эди.

Учрашув якунида кимё саноатининг келажаги замонавий билим ва инновацион ғояларга эга ёш мутахассислар билан чамбарчас боғлиқ экани таъкидланди. Талабалар билан илмий изланишлар, стартап лойиҳалар ва ишлаб чиқариш амалиётини уйғунлаштириш орқали соҳада янги ечимлар яратиш имкониятлари муҳокама қилинди.

Шунингдек, ёшларнинг ташаббус ва ғоялари кимё саноатини янада ривожлантиришда муҳим ўрин тутиши қайд этилди.