"Ўзкимёсаноат" АЖ

“Ўзкимёсаноат” АЖда АҚШнинг “Honeywell UOP” компанияси билан икки томонлама музокаралар бўлиб ўтди

// 29.07.2022
https://uzkimyosanoat.uz/uz/press/news/uzkimyosanoat-ajda-aqshning-honeywell-uop-kompaniyasi-bilan-ikki-tomonlama-muzokaralar

Жорий йилнинг 28 июль куни “Ўзкимёсаноат” АЖда АҚШнинг “Honeywell UOP” компанияси вакиллари билан самарали ишлаб чиқаришни ташкил этишда замонавий технологиялардан фойдаланиш ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида кимё саноати соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш юзасидан икки томонлама музокаралар ўтказилди.        

Учрашувда “Ўзкимёсаноат” АЖ томонидан бугунги кунда юқори қўшилган қийматга эга бўлган, жаҳон бозорида юқори талабга эга кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш ҳамда MTP ва MTO каби юқори самарали технологиялардан фойдаланиш бўйича қатор инвестиция лойиҳалари устида иш олиб борилаётганлиги алоҳида таъкидланди. Шунингдек, музокаралар давомида юртимиз кимё корхоналарида ишлаб чиқариш ва энергия самарадорлигини ошириш, қолаверса, атроф-муҳитга таъсирни камайтириш мақсадида илғор технологик ечимлар, автоматлаштириш ва рақамли трансформацияларни жорий этиш масалалари муҳокама қилинди. “Ўзкимёсаноат” АЖда автоматлаштириш ва рақамли трансформацияларни жорий этиш бўйича ишлар бошланиб, бу борада лойиҳа офиси ҳам ташкил этилган бўлиб,  “Honeywell UOP” компанияси мазкур лойиҳа офиси билан яқиндан ҳамкорлик қилишига келишиб олинди.

Ўз навбатида, учрашувда иштирок этган “Honeywell UOP” компаниясининг юқори ўсиш суръатларига эга бўлган глобал минтақалар бўйича президенти Дриггс Бенжамин лойиҳаларни MTO технологиясидан фойдаланган ҳолда амалга ошириш ва дастлабки техник-иқтисодий асосларни биргаликда тайёрлаш, шу билан бирга, лойиҳани молиялаштириш учун халқаро маслаҳатчилар ҳамда хорижий молия институтлари, жумладан, АҚШ Экспорт-импорт банки ва бошқа кредит агентликларини жалб қилиш юзасидан ҳамкорликни йўлга қўйишга қизиқиш билдирди. Бундан ташқари, АҚШ компанияси мамлакатимиз кимё саноати корхоналари мутахассислари учун қўшма ўқув-семинарлар ва тренинглар ташкил этишга тайёр эканлигини таъкидлади.     

Музокаралар якунида томонлар ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, кимё саноатида MTP технологиясидан фойдаланган ҳолда маҳсулотлар ишлаб чиқариш лойиҳалари бўйича таклифлар тайёрлаш ҳамда техник ечимлар ишлаб чиқишга келишиб олишди.

“Ўзкимёсаноат” АЖ Матбуот хизмати