"Ўзкимёсаноат" АЖ

“Ўзкимёсаноат” АЖ ва “Биринчи резинотехника заводи” МЧЖларнинг РАСМИЙ БАЁНОТИ

// 22.11.2022
https://uzkimyosanoat.uz/uz/press/news/uzkimyosanoat-aj-va-birinchi-rezinotexnika-zavodi-mchjlarning-rasmiy-bayonoti

Куни кеча “bakiroo” телеграм каналида “Биринчи резинотехника заводи” МЧЖ фаолияти ва ишлаб чиқарилаётган шиналар сифатига нисбатан билдирилган фикрлар бўйича қуйидагиларни маълум қиламиз.

Расман 2019 йилда фойдаланишга топширилган “Биринчи резинотехника заводи” МЧЖ йилига 3,0 млн. дона автомобил шиналари, 200,0 минг дона қишлоқ хўжалиги шиналар ва 100,0 минг п/м конвейер ленталари ишлаб чиқариш қувватига эга бўлиб, корхона 183,9 млн. доллар қийматидаги маҳаллий ва хорижий кредитлар ҳисобидан қурилган.

Корхонада ишлаб чиқарилаётган шиналарнинг барчаси ISO 9001, IATF 16949, ECE 30, 54, 106, 117 халқаро стандартлар асосида сертификатлаштирилган ва шиналар сифати ушбу стандартлар билан кафолатланган. Корхона маҳсулотлари технологик жараёнларнинг барча босқичларида халқаро стандартлар (ASTM, ISO ва ГОСТ) талаблари асосидаги қатъий назорат остида ишлаб чиқарилади. Тайёр маҳсулотларнинг барчаси замонавий ускуна ва жиҳозлар билан таъминланган халқаро ISO 17025 стандарти талаблари асосида аккредитациядан ўтган Шиналар синов лабораториясида тегишли синовлардан ўтказилади ва Сертификация органлари томонидан берилган мувофиқлик сертификатлари асосида харидорларга етказиб берилади. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, бугунги кунда корхонада ишлаб чиқарилаётган шиналар нархи бўйича Хитойда ишлаб чиқарилган шиналарга, сифати бўйича эса Жанубий Корея, Россия ва Европа мамлакатларида ишлаб чиқарилаётган шиналар билан ўзаро рақобат қила олади. Мисол тариқасида, энг оммабоп ўлчам ҳисобланган Жанубий Кореянинг Kumho Tires компаниясининг 185/65R14 шиналари нархи 50 АҚШ доллари қийматида бўлса, сифати бўйича қолишмайдиган Биринчи резинотехника заводида ишлаб чиқарилаётган шу ўлчамдаги шинанинг нархи 30 АҚШ долларни ташкил этади. Нарх ва сифат жиҳатидан тафовутни англаш қийин эмас.

Жорий йил бошидан ички бозор учун харидорларга 198 млрд. қийматдаги 688 мингдан ортиқ автомобил шиналари сотилди. Ушбу кўрсаткич маҳаллий харидорлар орасида корхона маҳсулотларига бўлган талаб юқори эканлигидан далолат беради.

Бундан ташқари, шиналар экспорти ҳажмининг йилдан-йилга ортиб бораётганлиги ҳам корхона маҳсулотларининг сифат даражаси юқори эканлигидан далолат бермоқда. Хусусан, жорий йил бошидан бери жами 3,0 млн.доллар қийматдаги 115,6 минг дона автомобил шиналари Россия, Озорбайжон ва Қозоғистон, Тожикистон каби қўшни мамлакатларга экспорт қилинди.

Корхонада доимий равишда ички ва ташқи бозорнинг талабларини ўрганиб бориш йўлга қўйилган бўлиб, бозор талабидан келиб чиққан ҳолда автомобил шиналарининг янги турлари ўзлаштирилиб борилмоқда. Корхона лойиҳасининг техник иқтисодий асосларига мувофиқ корхонада 21 турдаги автомобил шиналари ишлаб чиқарилиши назарда тутилган бўлиб, корхона мутахассислари Жанубий Корея, Туркия ва Хитой давлатларидаги чет эллик ҳамкорлар билан ҳамкорликда маҳсулотларнинг янги турларини ўзлаштириш бўйича олиб борилган ишлар натижасида сўнгги икки йилда жами 49 та автомобил шиналарининг янги турларини ишлаб чиқариш ўзлаштирилиб, ишлаб чиқарилаётган автомобил шиналари турлари 70 тага етказилди.

Шунингдек, республикамиз тарихида биринчи маротаба қишки шиналарни ишлаб чиқариш ҳам йўлга қўйилиб, жорий йилнинг август ойида жами 5 турдаги қишки шиналар ишлаб чиқаришга ўзлаштирилди.

Ҳозирда корхонанинг шиналар ассортименти нафақат республикамизда оммалашган General Motors автомобилларини, балки, Kia, Hyundai, Toyota, Lada каби автомобилларни қамраб олган.

Шунингдек, ҳозирда корхонада “UzAuto Motors” АЖда йиғилаётган автомобиллар учун шиналар етказиб бериш бўйича АҚШнинг General Motors компанияси кузатуви остида “Ўзавтосаноат” АЖ билан ҳамкорликда амалий ишлар олиб борилмоқда. Маълумки, автомобил саноатида бутловчи ва эҳтиёт қисмлар ҳамда уларни етказиб берувчиларга қўйиладиган омологация бўйича талаблар мавжуд бўлиб, бутловчи ва эҳтиёт қисмларни йиғилаётган автомобилларга етказиб бериш омологация бўйича талаблар тўлиқ бажарилгандан сўнг амалга оширилади. Шиналар ҳам автомобиллар учун бутловчи қисмлардан бири ҳисобланиб, уларни ҳам йиғилаётган автомобиллар учун етказиб беришдан аввал бир неча босқичли тест синовларини ўз ичига олган омологация бўйича талабларнинг бажарилиши талаб этилади. Ҳозирда корхонада “UzAuto Motors” АЖда йиғилаётган Damas, Tracker ва Onix автомобиллари учун етказиб берилиши режалаштирилаётган шиналар АҚШ, Бразилия, Жанубий Корея ва Хитой давлатларида тест синовларидан ўтказилмоқда. Режага кўра, 2023 йил бошидан Damas автомобили учун 1 турдаги, 2023 йил октябрдан Tracker автомобили учун 2 турдаги ва ноябрдан Onix автомобили учун 2 турдаги шиларни етказиб бериш бошланади.

Бундан ташқари ҳозирда Жиззахнинг “ADM Jizzakh” компанияси билан ҳам корхонада йиғилаётган автомобиллар учун шиналар етказиб бериш бўйича музокаралар олиб борилиб, 2023 йил биринчи чорагида ишлаб чиқарилиши режалаштирилаётган янги “Kia QY” автомобили учун 2 турдаги шиналарни етказиб бериш бўйича икки томонлама келишувга эришилган.

Бугунги кунда Ҳукуматимиз томонидан импорт ўрнини босувчи, жаҳон бозорида рақобатбардош маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Шу ўринда, мамлакатимизда фаолият олиб бораётган оммавий ахборот воситалари ходимлари ва блогерларга маълум бир мавзу юзасидан танқидий мақола ёки пост ёзишдан аввал ушбу мавзуни чуқур ўрганиш, аниқ фактлар ва далилларга асосланиш мақсадга мувофиқ эканлигини эслатиб ўтамиз. Чунки асосланмаган маълумотлар асосида ёзилган, компания имижига салбий таъсир кўрсатувчи бу каби материалларни эълон қилиш қонун олдида жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин.