"Ўзкимёсаноат" АЖ

“ЎЗКИМЁСАНОАТ” АЖ РАСМИЙ БАЁНОТИ

// 09.11.2022
https://uzkimyosanoat.uz/uz/press/news/uzkimyosanoat-aj-rasmiy-bayonot

Facebook ижтимоий тармоғида “Ташқи савдо, инвестициялар, маҳаллий саноатни ривожлантириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси йиғилишнинг 17-сон баёни ижроси “Ўзкимёсаноат” АЖ томонидан бажарилмаётганлиги тўғрисида асосланмаган постлар эьлон қилинди. Ҳолат юзасидан “Ўзкимёсаноат” АЖ қуйидагиларни маълум қилади.

Ҳукумат комиссияси йиғилишининг 17-сон баёни 1-иловаси 16-бандига мувофиқ Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ва “Ўзкимёсаноат” АЖга “Сурхон КСП-Гранд” МЧЖга формалин-37% ва карбамид етказиб бериш бўйича топшириқ берилган. Бунда формалин-37% нархини дунё бозори нархларига тенглаштириш ва карбамид нархининг биржа савдолари талабига мувофиқ қўйилиши белгиланган. Мазкур топшириқ ижроси ўз вақтида таъминланиб, ижроси юзасидан жорий йилнинг 31 март куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ахборот берилган.

Топшириқ ижросини ўз вақтида таъминлаш мақсадида “Ўзкимёсаноат” АЖ томонидан бир қатор тизимли ишлар амалга оширилган. Жумладан, формалин-37% нархи охирги уч йилда 4,3 млн сўмдан 2,9 млн сўмга (ҚҚС билан) туширилди. Шу билан биргаликда, ишлаб чиқариш қувватлари янги ишга туширилган инвестиция лойиҳалари ҳисобига 8 минг тоннадан 48 минг тоннага оширилди. Мазкур инвестиция лойиҳаси Италиянинг “Алдер” компанияси лицензияси асосида Австриялик инвесторлар томонидан ишга туширилган. Шу билан бирга, формалин-37% маҳсулотининг 2021 йилдаги импорт таҳлилига кўра, ўтган йили республикага қиймати 1,2 млн долларга тенг 4120,0 тонна маҳсулот импорт қилинган, ўртача бир тонна маҳсулот нархи 306 долларни (ҚҚСсиз) ташкил этган. Кимё тармоқ корхоналарининг ишлаб чиқариш қувватларининг оширилиши ва таннархининг пасайтирилиши эвазига 2022 йилнинг 9 ойида 118,1 тонна маҳсулот импорт қилинган.

Шунингдек, 2021 йилда республикада 48 минг тонна формалин ишлаб чиқариш қуввати мавжуд бўлган бўлиб, қувватлардан фойдаланиш даражаси ўртача 40% дан камни ташкил этган. Биржа савдоларига 15 минг тонна формалин сотувга чиқарилиб, шундан 6,6 минг тонна маҳсулот маҳаллий тадбиркорлар томонидан сотиб олинган. Жорий йилда ушбу турдаги маҳсулот 11,0 минг тонна миқдорда биржа савдоларига қўйилиб, шундан 9,2 минг тонна маҳсулот маҳаллий тадбиркорларга реализация қилинган.

Қолаверса, “Максам-Чирчиқ” АЖ томонидан ишлаб чиқарилаётган “А” маркали карбамид маҳсулотини ишлаб чиқариш ва биржага қўйиш графиклари кунма-кун сотиш ҳажмлари кўрсатилган ҳолда ўрнатилган тартибда тасдиқланиб, Ўзбекистон Республикаси товар-хомашё биржаси ва Монополияга қарши курашиш қўмитасига юборилади. Ушбу маҳсулот биржада алоҳида шартномада 68 тн вагонда ва 10 тн лотларда қўйилади. Ушбу шартномадаги савдоларда қишлоқ хўжалиги корхоналари (фермер, кластер ва бошқалар) иштирок этмайди. Шунингдек, юқорида таъкидланган топшириқ ижроси бўйича “А” маркали карбамид график асосида биржа савдоларига ҳар ойда 1,2 минг тоннадан мунтазам равишда қўйиб борилаётганлиги сабабли бугунги кунда биржа савдоларида ўртача нарх 3,5 млн сўмдан 2,3 млн сўмга пасайди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев раислигида 7 ноябрь куни маҳаллий саноатни ривожлантириш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириққа асосан формалин маҳсулоти нархи 150 000 сўмга пасайтирилиб, бугунги кундаги нархи 2 734 200 сўмни (ҚҚС билан) ташкил этди.

Юқоридагиларни ҳисобга олган ҳолда, мавзуга оид аниқ, батафсил маълумотларга эга бўлмай туриб, жамоатчилик орасида тушунмовчилик ва муҳокамаларга сабаб бўладиган фикрларни баён қилишдан олдин “Ўзкимёсаноат” АЖ Матбуот хизматига мурожаат қилишингиз мақсадга мувофиқ эканлигини, шунингдек, “Ўзкимёсаноат” АЖ ОАВ ва блогерлар учун доим очиқлигини яна бир бор эслатиб ўтамиз.

Ўзкимёсаноат АЖ Матбуот хизмати