"Ўзкимёсаноат" АЖ

Ўзбекистонда 58-Халқаро кимё олимпиадасига старт берилди

// 11.07.2026
https://uzkimyosanoat.uz/uz/press/news/uzbekistonda-58-halqaro-kimyo-olimpiadasiga-start-berildi

Ўзбекистонда Марказий Осиё тарихида илк бор кимё фани бўйича энг нуфузли халқаро интеллектуал мусобақалардан бири — 58-Халқаро кимё олимпиадасининг (International Chemistry Olympiad – IChO 2026) тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Унда "Ўзкимёсаноат" АЖ вакиллари ҳам иштирок этдилар.



19-июлга қадар давом этадиган мазкур олимпиада дунёнинг 90 дан ортиқ мамлакатидан ташриф буюрган энг иқтидорли мактаб ўқувчиларини бир майдонга жамлади. Иштирокчилар олимпиада доирасида кимё фанидан назарий ва амалий билимлари, таҳлилий фикрлаши ҳамда илмий салоҳиятини намоён этадилар.

Халқаро кимё олимпиадаси дунёдаги энг нуфузли фан олимпиадаларидан бири бўлиб, STEM таълими йўналишидаги энг йирик ва обрўли халқаро платформалардан саналади. Мазкур олимпиада иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, илмий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва келажак олимларини кашф этишга хизмат қилади.



Очилиш маросимида сўзга чиққанлар Ўзбекистонда илм-фан ва таълим соҳасини ривожлантириш, ёшларни замонавий билимлар билан қуроллантириш ҳамда халқаро ҳамкорликни кенгайтириш борасида амалга оширилаётган ишларга алоҳида тўхталдилар.



Шунингдек, мамлакатимизда илк бор ўтказилаётган мазкур нуфузли олимпиада Ўзбекистоннинг халқаро илмий-таълим майдонидаги нуфузини янада мустаҳкамлаши таъкидланди. 2025-йил Бирлашган Араб Амирликларида бўлиб ўтган 57-Халқаро кимё олимпиадасида юртимиз вакиллари тарихий натижа қайд этиб, 2 та олтин ва 2 та кумуш медални қўлга киритди ҳамда 95 давлат орасида умумжамоа ҳисобида 6-ўринни эгаллади.



58-Халқаро кимё олимпиадасининг Ўзбекистонда ўтказилиши мамлакатимизда илм-фан, инновациялар ва иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ислоҳотларнинг амалий натижаси бўлиб, Ўзбекистоннинг халқаро илмий ҳамжамиятдаги мавқеини янада юксалтиришга хизмат қилади.