"Ўзкимёсаноат" АЖ

Ўзбекистон ва Туркия: кимё саноатида янги ҳамкорлик йўналишлари муҳокама қилинди

// 19.11.2026
https://uzkimyosanoat.uz/uz/press/news/uzbekiston-va-turkiya-kimyo-sanoatida-yangi-hamkorlik-yunali

Бугун пойтахтимизда Ўзбекистон–Туркия бизнес-форуми ҳамда Бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича юқори даражадаги Ўзбекистон–Туркия кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.

Тадбирлар доирасида икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни янада кенгайтириш, истиқболли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, бизнес вакиллари ўртасида B2B ва G2B форматларида музокаралар ташкил этилди.

Форум доирасида «Ўзкимёсаноат» АЖ бошқаруви раиси Nakkash Holding, Evyap, Genta, Kimya, Akdeniz Chemson Kimya ва  Hektaş каби кимё саноати, энергетика ҳамда истеъмол товарлари ишлаб чиқариш соҳаларида фаолият юритувчи йирик Туркия компаниялари вакиллари билан учрашувлар ўтказди.

Мулоқотлар давомида қурилиш, мебель ва автомобилсозлик саноати учун кимёвий хомашё ишлаб чиқариш, шахсий гигиена ва косметика воситалари тайёрлаш ҳамда органик кимёвий бирикмалар ишлаб чиқариш бўйича ҳамкорлик имкониятлари кўриб чиқилди.

Учрашувлар якунида мазкур йўналишларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш, инвестициявий ташаббусларни ишлаб чиқиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.

Бундай учрашувлар кимё саноатига хорижий инвестицияларни жалб этиш, янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш ва маҳаллий корхоналарнинг халқаро бозорлардаги рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.