"Ўзкимёсаноат" АЖ

Ўзбекистон ва Малайзия алоқаларида замонавий кимё саноати алоҳида ўрин тутади

// 23.01.2025
https://uzkimyosanoat.uz/uz/press/news/uzbekistan-malaysia-chemistry

Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар йилдан-йилга мустаҳкамланиб, янги йўналишларда ривожланмоқда. Жумладан, стратегик ва истиқболли соҳалардан бири кимё саноати йўналишида ҳам. Ҳар икки мамлакатнинг кимё саноатини ривожлантиришдаги истиқболлари ва замонавий технологиялар, экологик барқарорликни таъминлашдаги тажрибаларини ҳисобга олган ҳолда, мазкур соҳадаги ҳамкорлик иқтисодий жиҳатдан муҳим аҳамиятга эга.

Ўзбекистоннинг кимё саноати мамлакатнинг энг муҳим иқтисодий секторларидан биридир. Мамлакатда кенг кўламдаги табиий ресурслар мавжудлиги — хомашё, минераллар, газ ва нефть, кимё саноатига катта ишлаб чиқариш салоҳиятини тақдим этади.

Айни пайтда Ўзбекистонда кимё саноатини ривожлантириш учун кўплаб дастурлар ва лойиҳалар амалга оширилмоқда. Мазкур йўналишда давлат сиёсатининг асосий мақсади — ишлаб чиқаришни диверсификациялаш, инновациялар киритиш ва миллий иқтисодиётни мустаҳкамлашдир.

Янги технологиялар ва инновацияларга йўналтирилган инвестицияларни рағбатлантирилаётгани эса мамлакат кимё саноатининг ривожига ижобий таъсир кўрсатмоқда. Соҳанинг замон билан уйғун ҳолда ривожланиши учун албатта, илғор ишлаб чиқариш моделларини ва инновацион технологияларни жорий этиш зарур. Ўзбекистонда кимё саноати ривожи учун замонавий ечимлар, шунингдек, энергия тежаш, ресурсларни қайта ишлаш ва чиқиндиларни камайтириш бўйича янги технологияларни амалиётга тадбиқ этиш фойдадан ҳоли эмас. Бу борада Малайзиянинг тажрибаси муҳимдир.

Ўз навбатида, Малайзия Жануби-Шарқий Осиёда кимё саноатини ривожлантиришда муваффақиятли тажрибага эга. Ушбу мамлакатда нефт-кимё, пластиклар, агрокимё, фармацевтика ва биотехнология соҳаларида ривожланиш кузатилмоқда. Малайзия кимё саноатида экологик жиҳатдан тоза ва инновацион технологиялар билан ишлаб чиқаришни ташкил қилишга алоҳида эътибор қаратилади. Ушбу мамлакатда ишлаб чиқариладиган кўплаб кимёвий маҳсулотлар, масалан, ўғитлар, пластиклар ва биопарчаланадиган маҳсулотлар жаҳон бозорида юқори ўринга эга.

Шу боис, айни пайтда “Ўзкимёсаноат” АЖ Малайзиянинг жаҳонда нуфузи юқори бўлган компаниялари билан ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Хусусан, ушбу мамлакатнинг йирик миллий нефт, газ ва кимё компанияси – Petronas билан биргаликда Ўзбекистон Республикасининг шимолий минтақасида умумий қиймати 10 млрд доллар бўлган “МТО технологиялари асосида полимер маҳсулотларини ишлаб чиқариш” лойиҳасини ҳамкорликда амалга ошириш истиқболлари кўриб чиқилмоқда.

Бу борада, минтақада барпо этилаётган қайта тикланувчи шамол
ва қуёш энергия манбалари негизида
Petronas компанияси билан ҳамкорликда ушбу ҳудудда жойлашган “Борсакелмас” туз конидаги хомашё ва табиий газни чуқур қайта ишлашга мўлжалланган инвестиция лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган.

Мазкур “МТО технологиялари асосида полимер маҳсулотларини ишлаб чиқариш” лойиҳаси доирасида Республикамизнинг мавжуд маҳаллий хомашё ресурсларидан оқилона фойдаланган ҳолда кимё тармоғида юқори қўшилган қиймат занжирини янада кенгайтиришга қаратилган маҳсулотларни ишлаб чиқарилиши кўзда тутилган. Лойиҳани амалга оширилиши натижасида 2 млн тоннадан ортиқ органик кимё маҳсулотларини ишлаб чиқариш орқали автомобиль, қурилиш, текстиль, маиший кимё саноати ва иқтисодиётнинг бошқа саноат тармоқлари учун полипропилен, полиэтилен, акрил кислота, суперабсорбент полимер, ПВХ ва полиоллар каби маҳсулотларни етказиб бериш режалаштирилган.

Шу билан бирга, бугунги кунда Европа бозорларида яшил минерал ўғитларга бўлган талаб йилдан-йилга ортиб бораётганлигини ҳамда мамлакатимизнинг шимолий ҳудудларида “яшил” иқтисодиётга ўтиш бўйича бир қанча йирик имкониятлар мавжудлигини инобатга олиб, хорижий хамкорлар билан яшил технологиялардан фойдаланган ҳолда маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича ҳам бир қатор ишлар олиб борилмоқда.

Жумладан, Petronas компанияси билан ҳамкорликда яшил водород ва аммиакдан яшил минерал ўғитларни тўлиқ ишлаб чиқариш занжирини яратиш орқали қўшилган қийматга эга маҳсулотларни етказиб бериш ҳамда Европа ва дунёнинг бошқа бозорларига экспорт қилиш режалаштирилган.

Малайзиялик ишлаб чиқарувчилар Ўзбекистонда янги лойиҳаларни ҳамкорликда амалга оширишга қизиқаётгани, албатта, ҳар икки мамлакат учун катта иқтисодий фойда келтиради. Ушбу ҳамкорлик мамлакатларда юқори технологиялар ва янги ишлаб чиқариш моделларини ишга тушириш, кимё саноатига алоқадор бўлган янги стандартларни ишлаб чиқишга имкон беради.

Бу ўз навбатида  ушбу мамлакат инвесторларининг Ўзбекистондаги кимё саноатига сармоя киритиши, янги ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил қилиш ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун замонавий технологиялар жорий этишидан далолат беради.

Шуни ҳам алоҳида таъкилаб ўтиш жоиз, Ўзбекистон ва Малайзия кимё саноатидаги ҳамкорлик икки томонлама йўлга қўйилган. “Ўзкимёсаноат”АЖ тармоқ корхоналарида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ушбу давлатга экспортга йўналтирилмоқда. Хусусан, 2019-2024 йиллар давомида умумий қиймати 43,6 млн долларлик кимёвий маҳсулотлар экспорт қилинди.  

Мухтасар айтганда Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги кимё саноатидаги ҳамкорлик истиқболлари кўп томонлама ва ўзаро ишончга асосланади. Малайзиянинг юқори технологиялар ва илғор ишлаб чиқариш жараёнлари, Ўзбекистоннинг табиий ресурслари ва аграр салоҳияти билан бирлашганда, икки мамлакатнинг кимё саноатига янги динамика ва иқтисодий имкониятлар яратади. Ўзбекистон ва Малайзиянинг ҳамкорлиги, нафақат кимё саноатини ривожлантиришда, балки экологик барқарорликни таъминлаш ва янги технологияларни жорий қилишда ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлиб қолади.

 

Одил Темиров

“Ўзкимёсаноат” АЖ Бошқаруви раиси