“Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамиятида мамлакатимизда кимё саноатини ривожлантириш бўйича узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўйишга қаратилган тадбирларида иштирок этиш мақсадида ташриф буюрган “Уралхим” АЖ директорлар Кенгаши аъзоси ва бош директори Дмитрий Мазепин бошчилигидаги делегация аъзолари иштирокида учрашув бўлиб ўтди.
“Уралхим” АЖ директорлар Кенгаши аъзоси ва бош директори Д.Мазепин Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда сўнгги беш йилда олиб борилган макроиқтисодий кўрсаткичларни ривожлантириш, давлат иштирокидаги корхоналар трансформациясини амалга ошириш, давлат-хусусий шериклик лойиҳалари ва хусусийлаштиришга қаратилган иқтисодий ислоҳотларни алоҳида таъкидлаб ўтди.
Шунингдек, компания томонидан Ўзбекистонда амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари натижасида мамлакатимиз кимё саноатини янада ривожлантиришга хизмат қиладиган ўз тажрибаларини жорий этиш ҳамда ҳамкорликда ишлаб чиқариладиган маҳсулотларни экспорт қилиб, янги жаҳон бозорларини эгаллашга қаратилган режаларни амалга ошириш ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.
Учрашувда ўзаро манфаатли ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди, жумладан, Тошкент вилоятида янги фосфорли ва мураккаб ўғитлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш, “Навоийазот” АЖ негизида ташкил этилаётган кимёвий кластерда кичик ҳажмли кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқариш, “Деҳқонобод калий заводи” АЖда тоғ-кон ишларининг самарадорлигини ошириш масалалари кўриб чиқилди ҳамда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича келишувга эришилди. Ушбу келишув асосида “Йўл харитаси” имзоланди.
Кеча 9 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Уралхим” АЖ директорлар Кенгаши аъзоси ва бош директори Дмитрий Мазепинни қабул қилган эди.
“Ўзкимёсаноат” АЖ Матбуот хизмати