"Ўзкимёсаноат" АЖ

Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳридаги “Максам-Чирчиқ” акциядорлик жамиятида семинар ўтказилди

// 05.03.2016
https://uzkimyosanoat.uz/uz/press/news/toshkent-viloyati-chirchiq-shahridagi-maksam-chirchiq-akciyadorlik-zhamiyatida-seminar-utkazildi

Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан хорижлик сармоядорлар иштирокидаги акциядорлик жамиятлари раҳбарларини замонавий корпоратив бошқарув амалиёти билан таништириш мақсадида ташкил этилган семинарда Тошкент шаҳри ва вилоятида фаолият кўрсатаётган бир қатор акциядорлик жамиятлари вакиллари қатнашди.

Президентимиз раҳнамолигида тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш, акциядорлик жамиятлари фаолиятининг самарадорлигини янада ошириш, бўлажак инвесторлар учун уларнинг очиқлиги ва жозибадорлигини таъминлаш, замонавий корпоратив бошқарув услубларини жорий қилиш, корхоналарни стратегик бошқаришда акциядорлар ролини кучайтириш учун қулай шароит яратиш борасида олиб борилаётган ишлар юксак самаралар бераётгани алоҳида таъкидланди.

Давлатимиз раҳбарининг 2015 йил 24 апрелдаги “Акциядорлик жамиятларида замонавий корпоратив бошқарув услубларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борадаги ишлар кўламини кенгайтириш ва янги босқичда давом эттиришда муҳим дастуриламал бўлаётир.

Мазкур ҳужжат ижроси доирасида ишлаб чиқариш, инвестиция, моддий-техник, молиявий ва меҳнат ресурсларидан фойдаланиш самарадорлиги ошмоқда. Чет эл капитали иштирокида кўплаб истиқболли лойиҳалар ҳаётга изчил татбиқ этилаётир, янги замонавий акциядорлик жамиятлари ташкил этилмоқда. Эски бўлинмалар ва лавозимлар тугатилиб, замонавий халқаро стандартлар ва бозор иқтисодиёти талабларига мос янги бўлинма ва лавозимлар жорий қилинмоқда.

– Испаниянинг “MaxamCorp International S.L.” компанияси 49 фоиз акция киритган, – дейди “Максам-Чирчиқ” акциядорлик жамияти корпоратив бошқарув бўлими бошлиғи Б.Бакиев. – Жамиятда масъул вазифаларда ишлаётган ходимлар етакчи хорижий таълим муассасаларига малака ошириш ва қайта тайёрлаш учун юборилди. Шунингдек, раҳбарлик лавозимларига чет эллик юқори малакали менежерлар жалб қилинди. Натижада корпоратив бошқарувнинг илғор услублари амалиётга жорий этилди. Ишлаб чиқариш ҳажми, маҳсулот сифати, даромад янада ошди.

Семинар иштирокчиларига корпоратив бошқарувнинг илғор услубларини жорий этиш, жумладан, ривожланиш стратегияси, ички назорат тизимлари ва ижро органининг акциядорлар ҳамда инвесторлар билан ўзаро ҳамкорлик механизмлари бўйича маълумот берилди.

– Акциядорлик жамиятлари фаолиятини кенгайтириш бўйича билимимиз янада бойиди, – дейди “Ўзнефтгазмаш” акциядорлик жамияти раҳбари А.Оразтаев. – Бу келгусидаги фаолиятимизни самарали йўлга қўйишимизда қўл келади.

Иштирокчилар “Максам-Чирчиқ” корхонаси фаолияти, бу ерда жорий этилган замонавий корпоратив бошқарув тизими билан танишиш баробарида, бошқа акциядорлик жамиятлари раҳбарлари билан ўзаро тажриба алмашиш имконига эга бўлди.