"Ўзкимёсаноат" АЖ

"Чирчиқ” кимё-индустриал технопаркида жорий йил якунига қадар яна 8 та корхона ишга тушади

// 08.08.2023
https://uzkimyosanoat.uz/uz/press/news/texnoparkda-8-korxona-ishga-tushadi

Президент ташрифидан сўнг...

Президент Шавкат Мирзиёев ўтган ҳафта Тошкент вилоятига ташрифи доирасида "Чирчиқ” кимё-индустриал технопаркида ҳам бўлди.

Татаристон Республикаси билан ҳамкорликдаги мазкур технопарк ўтган йилнинг 23 март куни очилган эди.

Технопаркнинг умумий майдони 35,1 гектар бўлиб, биринчи босқичда 14 та корхона фаолиятини йўлга қўйиш режалаштирилган. Учта майдонга бўлинган мазкур технопаркда қурилиш-монтаж ишлари босқичма-босқич объектлар кесимида ташкил этилган.  

Ҳозирги кунда 10,2 миллион долларлик 5 та лойиҳа ишга туширилган.

“Родиум Полимер” масъулияти чекланган жамияти технопаркда ташкил этилган корхоналардан бири. Корхона томонидан кўпиклантирилган полипропилен маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Лойиҳа қиймати 3,3 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Кўпиклантирилган полипропилен автомобиль саноатида ишлатилади.  

Лойиҳа Корея Республикаси ишбилармонлари билан биргаликда амалга оширилди. Бу ерда йилига 2 минг тонна кўпиклантирилган полипропилен маҳсулоти ишлаб чиқарилади. 2 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинади.

“Чирчиқ” кимё-индустриал технопарки дирекцияси директори Жаҳонгир Абдураҳмоновнинг таъкидлашича, жорий йил якунига қадар қиймати 18,5 миллион доллар бўлган яна 8 та лойиҳа ишга туширилади, 61,8 миллион долларлик маҳсулот ишлаб чиқарилади.

 Бунинг учун Россия, Германия, Корея, Туркия, Хитой каби дунёнинг 10 дан ортиқ мамлакатидан олиб келинадиган замонавий асбоб-ускуналар ўрнатилади. Эътиборлиси, барча саноат тармоқлари экологик талабларга жавоб беради.

Президентимизнинг 2022 йил 2 февралдаги "Тошкент вилоятида "Чирчиқ" кимё-индустриал технопаркини ташкил этиш тўғрисида"ги қарорига мувофиқ амалга оширилган ушбу саъй-ҳаракатлар ҳудудда қулай ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яратиш, минерал хомашё ресурсларини чуқур қайта ишлаш, ички ва ташқи бозорларга рақобатбардош маҳсулотларни етказиб беришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

ЎзА, 07.08.2023