"Ўзкимёсаноат" АЖ

Тармоқ корхоналарида энергия самарадорлигини ошириш бўйича амалий чоралар кўрилмоқда

// 08.07.2026
https://uzkimyosanoat.uz/uz/press/news/tarmoq-korhonalarida-energiya-samaradorligini-oshirish-buyic

Энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш, уларни тежаш ва ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш саноат корхоналарининг устувор йўналишлардан бири. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 29 апрелдаги “2026 йилда энергия самарадорлигини янада ошириш, энергия ресурсларини тежаш ва улардан оқилона фойдаланишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижроси доирасида «Ўзкимёсаноат» АЖ тизимида амалий ишлар давом эттирилмоқда.

Хусусан, «Навоийазот» АЖ билан «Ўзбекэнерготаъмир» АЖ ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилди. Ҳамкорлик доирасида корхонадаги ишлаб чиқариш жараёнида муҳим аҳамиятга эга бўлган буғ қозонларининг техник ҳолати атрофлича ўрганилиб, уларнинг энергия самарадорлигини ошириш,  куз-қиш мавсумида уларнинг узлуксиз ва ишончли ишлашини таъминлаш бўйича комплекс техник чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Мутахассислар томонидан ўтказилган техник таҳлиллар асосида қозон қурилмаларининг ишончли ишлашини таъминлаш, фойдали иш коэффициентини ошириш, энергия йўқотишларини қисқартириш ҳамда эксплуатация самарадорлигини янада юксалтиришга қаратилган ишлар босқичма-босқич бажарилмоқда.

Энергия самарадорлигини оширишга қаратилган бундай амалий ишлар нафақат корхоналарнинг иқтисодий самарадорлигини юксалтириш, балки мамлакатимизда энергия тежамкорлигини таъминлаш, ресурслардан оқилона фойдаланиш ва саноат тармоқларининг барқарор ривожланишига ҳам муносиб ҳисса қўшади.