"Ўзкимёсаноат" АЖ

Сурхондарёда кимё саноати тадбиркорлари билан очиқ мулоқот ўтказилди

// 14.08.2026
https://uzkimyosanoat.uz/uz/press/news/surhondaryoda-kimyo-sanoati-tadbirkorlari-bilan-ochiq-muloqo

“Ўзкимёсаноат” АЖ раҳбариятининг ҳудудларда бизнес вакиллари билан тўғридан-тўғри мулоқотлари давом этмоқда.

Ушбу учрашувлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан ўтказиладиган VI очиқ мулоқотига тайёргарлик доирасида ташкил этилмоқда. Асосий мақсад — тадбиркорларни қийнаётган муаммоларни аниқлаш, таклиф ва ташаббусларни эшитиш ҳамда уларга амалий ечимлар ишлаб чиқиш.

Навбатдаги учрашув Сурхондарё вилоятида кимё саноати соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари ва корхона раҳбарлари иштирокида ўтказилди.

Мулоқотда кимё маҳсулотлари ишлаб чиқариш, хомашёдан самарали фойдаланиш, чиқиндиларни бошқариш ва қайта ишлаш, ишлаб чиқариш ҳажмларини кенгайтириш ҳамда янги лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Хусусан, Термиз шаҳридаги “BIO TEXNO ECO” МЧЖ полиэтилен ва армопласт найлар, икки қатламли гофрирланган қувурлар ишлаб чиқаради. Шеробод тумани Чорбоғ маҳалласидаги “XUJAIKON TUZ” МЧЖ туз қазиб олиш билан шуғулланади. Денов шаҳридаги “ABULFAYZ-MIRAKBAR” оилавий корхонаси эса чиқиндиларни бошқариш ва тўплаш йўналишида фаолият юритади.

Учрашувда тадбиркорларнинг таклиф ва мурожаатлари эшитилиб, уларни ҳал этиш бўйича тегишли чоралар белгилаб олинди.

Бундай очиқ мулоқотлар ҳудудлардаги долзарб масалаларни бевосита тадбиркорлар иштирокида ўрганиш ва соҳа ривожи учун амалий ечимлар ишлаб чиқишга хизмат қилмоқда.