Wyndham меҳмонхонасида Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси (ЎзЭOАВМА) томонидан ташкил этилган “Давлат ташқи қарзи: қарз маблағларини сарфлаш йўналиши ва лойиҳаларнинг самарадорлиги” мавзусида брифинг бўлиб ўтди.
Тадбирда бир қатор вазирлик ва идоралар, иқтисод ва молия, инвестициялар ва ташқи савдо, энергетика, қишлоқ хўжалиги, транспорт вазирликлари, “Ўзкимёсаноат” ва “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамиятлари, ташкилотлар таркибий бўлинмаларининг 100дан ортиқ вакиллари, мамлакат парламентининг қуйи палатаси депутатлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳамда нодавлат телэрадиоканаллари – ЎзЭOАВМА аъзолари иштирок этди.
Кун тартибидаги асосий масала – Ўзбекистон Республикасининг ташқи давлат қарзини шакллантириш жараёни, унинг динамикаси ва тузилиши, лойиҳаларни танлаш ва молиялаштириш, қарз маблағлари ҳисобидан амалга оширилаётган лойиҳаларнинг самарадорлигини таъминлашдан иборат бўлди.
Ўзбекистон Республикасининг Молия вазири Тимур Ишметов таъкидлашича, давлат қарзи – бу ҳар қандай давлатнинг, давлат иқтисодий сиёсатининг ажралмас ва муҳим қисмидир. “Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 2021 йил 1-январь ҳолатига кўра давлат ташқи қарзининг ҳажми 21,1 млрд. долларни ёки ЯИМнинг 36,5 фоизини ташкил этди. Сўнгги йилларда ўсишга қарамай, халқаро стандартларга мувофиқ, мамлакатимизнинг давлат ташқи қарзи ўртача даражада сақланиб қолмоқда. Давлат томонидан олинган қарз маблағлари, асосан, иқтисодиётнинг асосий тармоқлари – энергетика, транспорт, муҳандислик ва коммуникация, кимё, таълим, қишлоқ хўжалиги ва соғлиқни сақлаш соҳаларини ривожлантиришга йўналтирилган.
Брифингда бир қатор вазирлик идоралар қатори “Ўзкимёсаноат” АЖ Бошқарув раиси Ж.Мирзамахмудов сўзга чиқиб, кимё саноатини ривожлантириш учун давлатнинг ташқи қарзи ҳисобидан ажратилган маблағлардан самарали фойдаланиш бўйича амалга оширилган ишлар тўғрисида маълумот берди. Жумладан, “Ўзкимёсаноат” АЖ тизими корхоналарида ташқи қарз маблағларни жалб қилиш ҳисобига умумий қиймати 2,4 млрд. долларга тенг бўлган 7 та инвестицион лойиҳа амалга оширилганлиги таъкидлаб ўтилди. Лойиҳаларнинг молиялаштириш манбалари:
Жалб қилинган маблағларнинг 69 фоизи “Навоийазот” АЖда Аммиак ва карбамид мажмуасини барпо этиш, Азот кислотаси ишлаб чиқариш мажмуасини қуриш ва Поливинилхлорид (ПВХ) каустик сода ва метанол ишлаб чиқариш мажмуасини амалга ошириш учун сарфланди. Маблағларнинг 10 фоизи “Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи” АЖнинг қурилишига, 15 фоизи “Биринчи резинатехника заводи” МЧЖ қурилишига, 6 фоизи эса “Қўнғирот сода заводи” МЧЖ ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш лойиҳаларини амалга ошириш учун йўналтирилган.
Лойиҳаларни амалга оширилиши ҳисобига 5743 та янги иш ўрни яратилди, 636 млн. доллар маҳсулотлар ишлаб чиқарилди, 384,5 млн. доллар маҳсулотлар экспортга йўналтирилди ҳамда 104 млн. доллар солиқ тўловлари тўлаб берилди.
“Навоийазот” АЖда инвестиция лойиҳаларини амалга оширилиши ҳисобига маҳсулотлар таннархида энергия ресурслар улуши 65-70 фоиздан 25-30 фоизгача пасайтирилди. Электрэнергия истеъмоли 25 фоизга қисқартирилиб кунлик маҳсулот ишлаб чиқариш хажми 8 млрд. сўмдан 16 млрд. сўмгача оширилди.
Поливинилхлорид (ПВХ) маҳсулоти ишлаб чиқаришни йўлга қуйилиши натижасида 55 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқарилиб 50 млн. долларга импортни қисқартирилди. 2021 йилда 75 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқарилиб 70 млн. долларга импорт қисқартирилиши кутилмоқда. ПВХ хом-ашёни қайта ишлаш эвазига иқтисодиётда 200-210 млн. долларлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилади.
Аммиак ва карбамид ва азот кислотаси ишлаб чиқариш мажмуасини ишга туширилиши ҳисобига 15 млн. долларга тенг бўлган 31 минг тонна карбамид ва 40 минг тонна қўшимча аммиакли селитра маҳсулоти ишлаб чиқарилди. Ҳар куни эса 4 минг тонна азотли ўғитлар ишлаб чиқарилмоқда. 2021 йил мавсумига 80 млн. долларлик 180 минг тонна карбамид, 200 минг тонна аммиакли селитра истеъмолчиларга етказиб берилади.
Бугунги кунда “Ўзкимёсаноат” АЖ томонидан мазкур лойиҳалардан ташқари 2021-2030 йиллар мобайнида умумий қиймати 11,8 млрд. долларга тенг бўлган 48 та инвестиция лойиҳалари амалга ошириш режалаштирилган.
Тадбир иштирокчилари – мамлакатимиздаги нодавлат телерадиоканал вакиллари учрашувнинг ижобий натижаларини қайд этдилар ва бундай ихтисослаштирилган брифинглар доимий равишда ўтказилиб бориши зарурлигини таъкидладилар.
“Ўзкимёсаноат” АЖ Матбуот хизмати