"Ўзкимёсаноат" АЖ

Самарқанд вилоятида кимё саноати тадбиркорлари билан амалий мулоқот ўтказилди

// 14.07.2026
https://uzkimyosanoat.uz/uz/press/news/samarqand-viloyatida-kimyo-sanoati-tadbirkorlari-bilan-amali

“Ўзкимёсаноат” АЖ раҳбариятининг ҳудудларда бизнес вакиллари билан тўғридан-тўғри мулоқотлари давом этмоқда. Учрашувлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан ўтказиладиган VI очиқ мулоқотига тайёргарлик доирасида ташил этилмоқда.  

Навбатдаги амалий учрашув Самарқанд вилоятида кимё саноати соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари ва корхона раҳбарлари иштирокида ташкил этилди. Мулоқотнинг асосий мақсади соҳа вакилларини қийнаётган масалаларни ўрганиш, уларнинг таклиф ва ташаббусларини эшитиш ҳамда мавжуд муаммоларга амалий ечимлар ишлаб чиқишдан иборат бўлди.

Тадбирда Самарқанд вилояти ҳокимининг ўринбосари — вилоят инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи, Савдо-саноат палатаси Самарқанд вилояти ҳудудий бошқармаси раҳбарияти ҳам иштирок этди.

Учрашув давомида кимё саноатида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, ишлаб чиқариш фаолиятини янада ривожлантириш, хомашё таъминоти, кооперация алоқаларини кенгайтириш, экспорт салоҳиятини ошириш ҳамда тадбиркорлик фаолиятида учраётган мавжуд муаммолар юзасидан фикр алмашилди.

Шунингдек, тадбиркорлар томонидан билдирилган таклиф ва мурожаатлар юзасидан масъул ташкилотлар иштирокида атрофлича муҳокама ўтказилиб, уларни ҳал этиш бўйича тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Мазкур мулоқотга кимё саноати соҳасида фаолият юритаётган жами 68 нафар тадбиркор жалб қилинди.

Бундай учрашувлар тадбиркорлар билан очиқ мулоқотни таъминлаш, уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда соҳанинг барқарор ривожланишига хизмат қиладиган таклифларни шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.