//
22.11.2024
https://uzkimyosanoat.uz/uz/press/news/poytahtimiz-azot-sintezgaz-uzbekiston-va-mdh-3-halqaro-kongr
«Ўзкимёсаноат» АЖ ҳамда МДҲ мамлакатлари, шунингдек, бошқа қатор давлатларнинг кимё саноати соҳасида фаолият юритувчи компаниялари вакиллари иштирок этган тадбирнинг иккинчи кунида қатор мавзуларда муҳокамалар ташкил этилди.
Жумладан, «Ўзкимёсаноатлойиҳа» Акциядорлик жамияти муҳандиси Алим Шарипов тармоқ корхоналарида модернизация дастурларининг аҳамияти, бу борада аммиак, минерал ўғитлар ва метанол ишлаб чиқарувчи корхоналар тажрибасини таҳлил қилди. Шу билан бирга, ишлаб чиқариш ва лойиҳалаштириш жараёнларида рақамлаштиришнинг ўрни ҳақида батафсил тўхталди.
«Максам – Чирчиқ» АЖнинг Инновациялар, маҳаллийлаштириш ва саноат кооперациялари бўлими бошлиғи Руслан Абдурашитов аммиак технологик жараёнлари учун саноат катализаторларини ишлаб чиқариш мавзусида сўз юритди.
Корхоналарнинг ички инфратузилмаси бўйича ўтказилган мунозарада жараёнлар самарадорлиги, таъминот занжирларини ривожлантириш, ишлаб чиқариш муаммоларини ҳал қилиш, маҳсулотни сотиш усуллари ва шакллари юзасидан фикр алмашилди.
Конгресс ишида шунингдек, азот ва минерал ўғитлар ишлаб чиқариш йўналишида Ўзбекистон ва МДҲдаги мавжуд ва келажакдаги қурилиш лойиҳалари ҳолати кўриб чиқилди.
Тадбир якунида ҳамкорлик алоқаларини давом эттириш, ҳар томонлама манфаатли йўналишларда ўзаро тажриба алмашишни фаол давом эттиришга келишиб олинди.
«Ўзкимёсаноат» АЖ Матбуот хизмати