"Ўзкимёсаноат" АЖ

Очиқ мулоқот: ёшлар ғоялари ва саноат имкониятлари уйғунлиги

// 02.04.2026
https://uzkimyosanoat.uz/uz/press/news/ochiq-muloqot-yoshlar-goyalari-va-sanoat-imkoniyatlari-uygun

2026-йил 24-феврал куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан ёшлар билан ўтказилган учрашувда уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, муаммо ва таклифларини бевосита ўрганиш ҳамда қўшимча имкониятлар яратишга қаратилган қатор муҳим вазифалар белгилаб берилган эди.

Мазкур вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида бугун “Ўзкимёсаноат” АЖ бошқаруви раисининг Ўзкимёсаноат ва Янги Ўзбекистон Университети талабалари билан очиқ мулоқоти ташкил этилди. 

Учрашув самимий ва амалий руҳда ўтиб, ёшларнинг билим ва ташаббусларини қўллаб-қувватлашга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.

Мулоқот давомида университет битирувчилари, Хитойда ўтказилган халқаро GLOBEX 2025 дастури иштирокчилари Шахзодбек Самандаров ва Отабек Атабаевлар ўз тажрибалари билан ўртоқлашдилар. Улар дастур доирасида олган билим ва кўникмалар, шунингдек, халқаро муҳитда орттирилган тажрибанинг аҳамияти ҳақида батафсил тақдимот ўтказдилар.

Шунингдек, университетнинг 2-босқич талабаси Шоҳрух Суннатов кимё ва материалшунослик муҳандислиги йўналишида ишлаб чиқилаётган инновацион стартап лойиҳаси тақдимотини намойиш этди. Лойиҳа замонавий технологиялар асосида янги материаллар яратиш ва уларни саноатда қўллаш имкониятларини кенгайтиришга қаратилгани билан эътиборга лойиқ бўлди.

Тақдимотлар давомида кўтарилган ғоя ва таклифлар “Ўзкимёсаноат” АЖ раҳбарияти томонидан юқори баҳоланди. Хусусан, ёшларнинг илмий-амалий изланишларга бўлган қизиқиши, инновацион фикрлаши ва глобал тажрибаларга интилиши алоҳида эътироф этилди.

Учрашувда ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг стартап ташаббусларини амалга ошириш учун қулай шароитлар яратиш, шунингдек, саноат ва таълим ўртасидаги интеграцияни янада мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди.

Тадбир якунида кимё йўналишида таҳсил олаётган талабаларга “Ўзкимёсаноат”АЖнинг эсдалик совғалари топширилди. Бундай мулоқотлар нафақат ёшларни руҳлантиради, балки уларнинг ғояларини амалиётга жорий этиш, илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасида мустаҳкам кўприк яратишда муҳим аҳамият касб этади.