"Ўзкимёсаноат" АЖ

“Ўзкимёсаноат” АЖ ишчи гуруҳи Қашқадарё вилоятида аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш жараёнларини ўрганишни давом эттирмоқда

// 05.11.2025
https://uzkimyosanoat.uz/uz/press/news/o-zkimyosanoat-aj-ishchi-guruhi-qashqadaryo-viloyatida-aholi

  Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 19 сентябрдаги ПФ–173-сон “Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирини ўтказиш тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида “Ўзкимёсаноат” АЖ ишчи гуруҳи Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманида фаолият юритмоқда.

  Мазкур ташаббус доирасида “Ўзкимёсаноат” АЖга Деҳқонобод туманидаги маҳаллалар бириктирилган бўлиб, ишчи гуруҳ томонидан аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш бўйича туман штаби фаолияти ўрганилди. Жараён давомида ташкилотчилик ишлари, ходимларнинг тайёргарлиги, аҳоли билан мулоқот маданияти ва рўйхатга олиш жараёнининг шаффофлиги бўйича таҳлиллар ўтказилди. Ўрганишлар натижасида аниқланган айрим камчиликлар жойида бартараф этилди. Шу билан бирга, масъулларга рўйхатга олиш жараёнларини самарали ташкил этиш ва аниқликни таъминлаш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.

  Туман штаби зарур моддий-техник база билан таъминланди, шу жумладан алоқа воситалари ҳамда зарур анжомлар етказиб берилди. Айни пайтда чекка ва тоғли ҳудудларда жойлашган “Теракли”, “Ойбек” ва “Оққишлоқ”  маҳаллаларида рўйхатга олиш ишлари бошланган, ишчи гуруҳ жараённинг тўлиқ, адолатли ва сифатли ўтишини доимий назоратга олган.

  Мазкур чора-тадбирлар Ўзбекистон Республикасида аҳолини ва қишлоқ хўжалиги ресурсларини аниқ ҳисобга олиш, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш режалаштирилишини илмий асосда ташкил этиш ҳамда маълумотлар базасини янгилашга хизмат қилади. “Ўзкимёсаноат” АЖ ушбу жараёнларда фаол иштирок этиш орқали давлат аҳамиятига молик ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш, ҳудудларда ташкилотчилик ишларига амалий ёрдам кўрсатишни ўзининг муҳим вазифаларидан бири деб билади.

“Ўзкимёсаноат” АЖ Матбуот хизмати