"Ўзкимёсаноат" АЖ

«Навоийазот» АЖ томонидан 300 МВт фото электр станциясини барпо этишга киришилди

// 24.04.2025
https://uzkimyosanoat.uz/uz/press/news/navoiyazot-azh-tomonidan-300-mvt-foto-elektr-stanciyasini-ba

Айни пайтда яшил энергетика табиий ресурслардан самарали фойдаланиш орқали экологик хавфсизликни таъминлаш ва иқтисодий тежамкорликка эришишнинг муҳим шартларидан бирига айланди. Мазкур йўналишда амалга оширилаётган йирик инвестицион лойиҳалар аҳоли ва саноат корхоналарига ҳамёнбоп нархда электр энергиясини етказиш имконини беради.

Мамлакатимиз кимё саноатида ҳам ана шундай йирик лойиҳалар устида иш олиб борилмоқда. Хусусан, «Навоийазот» АЖ томонидан 300 МВт фото электр станциясини барпо этишга киришилди.

«Ўзбекистон—2030» стратегиясини “атроф-муҳитни асраш ва «яшил иқтисодиёт» йилида амалга оширишга оид давлат дастури ижроси доирасидаги Кармана туманидаги умумий майдони 796 гектар бўлган ҳудудда Хитойнинг “Sinoma energy” компанияси билан ҳамкорликда умумий қиймати 220 млн АҚШ долларини ташкил этадиган лойиҳанинг ишга тушиши билан қўшимча 100 нафар иш ўрни яратилади.

Таъкидлаш жоиз, экологик жиҳатдан хавфсиз, туганмас, қайта тикланувчи, иқтисодий самарадор муқобил энергия манбалари бугун ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланди. Янги инвестицион лойиҳа қуёш панелларидан фойдаланиш орқали корхонанинг электр энергиясига бўлган талабини қаноатлантиришга хизмат қилади.

Хусусан, корхонада фойдаланиладиган электр энергиясини 100 фоиз таъминлайди. Бунда соатига 150 МВт корхона эхтиёжлари учун, қолган қисми эса халқ хўжалигида ишлатиш учун сотилади. Яна бир муҳим томони олинадиган электр энергияси 50-55 фоиз арзонлашади. Бу эса ишлаб чиқарилаётган маҳмулотлар тан нархини пасайтиришга хизмат қилади.  Асосийси атмосферага чиқариладиган карбонат ангидрид миқдорини эса йилига 720 млн тонна камайтиришга олиб келади.

Ушбу лойиҳани барпо этиш ишларига қарийб 1600 нафарга яқин ишчи жалб этилади. Уларнинг 500 нафари хитойлик мутахассислар бўлса, қолганларини маҳаллий аҳоли вакиллари ташкил этади. Лойиҳани 100 мегаватт қувватга эга бўлган қисми сентябрь ойига қадар ишга туширилиши, 2026 йилнинг биринчи чорагида эса 300 мегаваттлик тўлиқ қувват фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.

Янги станция саноат корхоналари ва аҳоли яшаш манзилларини  электр энергияси билан таъминлаш, лойиҳа қурилиши ва эксплуатацияси давомида кўплаб иш ўринларининг ташкил этилиши ҳисобига маҳаллий аҳоли учун иқтисодий фойда келтириши билан ҳам аҳамиятли.

Замонавий технологиялар, энергетика соҳасидаги рақобатбардошлик, узоқ муддатли самарадорлик, атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олиш, солиқ имтиёзлари ва қулайликлар. Буларнинг барчаси қуёш фотоэлектр станциясининг афзаллиги ва кимё саноатидаги аҳамиятини белгилайди.

"Ўзкимёсаноат" АЖ Матбуот хизмати