"Ўзкимёсаноат" АЖ

“Навоийазот” АЖ фаолияти сўнгги тўртинчи авлод технологиялари асосида қайтадан ташкил этилади

// 04.10.2019
https://uzkimyosanoat.uz/uz/press/news/navoiyazot-4gen

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни ҳимоя қилиш Давлат қўмитаси веб-сайтида «NAVOIYAZOT» акциядорлик жамияти цехлари вақтинча тўхтатилди» сарлавҳали ахборот чоп этилди. Ушбу ахборот республиканинг бошқа сайтларида ҳам ёритилди. Шу муносабат билан “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти қуйидагиларни маълум қилади:

“Навоийазот” АЖ доимо атроф-муҳитга, атмосферага зарарли моддалар чиқишини камайтиришга йўналтирилган Ўзбекистон Республикасининг “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Экологик назорат тўғрисида”ги, “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги, “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Экологик экспертиза тўғрисида”ги қонунлари ва  Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш Давлат қўмитасининг Давлат экологик экспертизаси хулосалари доирасида мақсадли ишлар олиб боради.

“Навоийазот” АЖ саноатлашган ҳудудда жойлашганлиги сабабли, корхона томонидан ҳар йили атмосферага саноат ташланмаларини, оқова сувларни сув ҳавзасига тушушини ва чиқиндилар ҳосил бўлишини камайтириш ҳамда хом-ашё ва энергия ресурсларини тежаш, технологик режим нормасидан четланишни олдини олиш, атроф-муҳитга зарарли моддаларни чиқишини камайтиришга кўмаклашувчи ташкилий-техникавий чора-тадбирлар ишлаб чиқмоқда ва унинг ижросини таъминламоқда.

Атроф-муҳитга таъсирнинг ўрнатилган нормативларига риоя қилинишнинг идоравий назоратини амалга ошириш, саноат ташланмаларида, оқова сувларда зарарли кимёвий моддалар таркиби устидан назоратни амалга ошириш, шунингдек, оқова сувлар, чангютгич ва газ тозалаш қурилмалари ишининг самаралилигини назорат қилиш учун аккредитацияланган экоаналитик (санитар) лаборатория фаолият олиб боради. Назоратни кўчайтириш мақсадида  экоаналитик (санитар) лаборатория томонидан корхонанинг санитар-ҳимоя зонасида, Навоий шаҳри ва корхонага яқин жойлашган ҳудудларда атмосфера ҳавосидан доимий намуна олинади.

“Навоийазот” АЖ асосий цехлари ва ишлаб чиқаришлари лойиҳаси “Ўзкимёсаноат” АЖнинг барча тегишли корхоналари қатори 1960 ва 1970 йилларда амалга оширилган бўлиб, ўзининг техник-иқтисодий кўрсаткичлари бўйича иккинчи авлод агрегатларига киради, ўша даврдаги амалдаги нормалар ва қоидаларга мувофиқ экологик муаммоларни ечиш кейинчалик корхона томонидан мустақил равишда ҳал қилинган. 1991 йилдан бошлаб ишлаб чиқариш, цехлар ва участкалардан фойдаланишни  лойиҳалаш Ўзбекистон Республикасининг табиатни муҳофаза қилиш талабларига мувофиқ амалга оширилмоқда. Дастлабки лойиҳаларда асосий маҳсулотларни ишлаб чиқариш 1,5 марта камайганига қарамай, атмосферага зарарли моддалар ташламалари ва чиқинди сув билан ифлослантирувчи моддалар чиқиндилари кўп марта камайтирилган. 1980 йилларда статистик ҳисобот маълумотларига кўра, атмосферага зарарли моддаларнинг ялпи эмиссияси йилига 20,8 минг тонна, жумладан, азот оксиди 7,7 минг тонна, аммиак 1,25 минг тоннани ташкил этган. 2018 йилда атмосферага зарарли моддаларнинг ялпи эмиссияси 6,6 минг тоннани, шу жумладан, азот оксиди 0,86 минг тоннани, аммиак 0,9 минг тоннани ташкил этди.

Мавжуд вазиятларни инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 апрелдаги “Кимё саноатини янада ислоҳ қилиш ва унинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4265-сонли қарори билан ҳозирги кунда корхонада учта йирик инвестиция лойиҳаси, энг сўнгги тўртинчи авлод технологиялари асосида амалга оширилмоқда.

Аммиак ва карбамид ишлаб чиқариш “Mitsubishi Heavy Industries” ва “Mitsubishi Corporation” Япония компаниялари консорциуми иштирокида амалга оширилмокда. 500 минг тонна кувватига эга бўлган Азот кислотаси ишлаб чиқаришини қурилиш лойиҳаси эса “Casale SA” (Швейцария) компания томонидан амалга оширилади.

Айтиб ўтиш лозимки, барча қурилаётган ва реконструкция қилинаётган объектлар Ўзбекистон Республикаси Экология ва табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасида атроф-муҳитга таъсирини баҳолаш тартибидан ўтган ва Республика Давлат экологик экспертизасининг ижобий хулосаси олинган.

2019 йилнинг охирида янги қурилаётган нитрат кислотаси ишлаб чиқариши ишга туширилиши мўлжалланган бўлиб, бу иш амалга оширилгандан сўнг кучсиз азот кислотасини ишлаб чиқарувчи 5-сонли цехнинг фаолияти тўхтатилиши режалаштирилган. Натижада азот оксидлари ташламалари камайишига эришилади.

2020 йил июнида аммиак ва карбамид ишлаб чиқариши ишга туширилгач, 1964-1967 йилларда қурилган мавжуд аммиак ишлаб чиқариши тўхтатилади ва ифлослантирувчи  моддалар, шу жумладан, аммиак ташламалари камаяди.

Жорий йилнинг 16-25 сентябрь кунлари ўтказилган текширишлар давомида аниқланган камчиликларни бартараф этиш учун Навоий вилояти Экология бошқармаси билан келишилган чора-тадбирлар ишлаб чиқилди ҳамда бажарилиши назоратга олинди.

Шу билан бирга, ахборотда келтирилган баъзи маълумотларга аниқлик киритиш лозим. Масалан “Навоийазот” АЖга келаётган саноат суви ва шаҳардан келаётган оқова сувлари таркибида сульфат ва мис меъёрдан ошиб кетганда, корхона фаолияти натижасида ҳосил бўлган оқава сув ҳам юқори таркибга эга бўлади. Бугунги кунда саноат корхоналари ва Навоий шаҳридаги оқова сувларни тозалаш билан шуғулланадиган мавжуд биокимёвий объектларни реконструкция қилиш ва модернизация қилиш масаласи ҳал қилинмоқда.

Техник аудит натижаларига кўра, 2015 йилдан ҳозирги кунгача 11552,5 минг АҚШ доллари миқдоридаги ускуналарни алмаштириш босқичма-босқич амалга оширилди.

“Навоийазот” АЖ ўз фаолияти давомида янги экологик ечимларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга катта эътибор қаратиб, ҳудуднинг экологик барқарорлигини янада мустаҳкамлашга қаратилган комплекс тадбирларни амалга оширади.

“Ўзкимёсаноат” АЖ Матбуот хизмати