Жорий йилнинг 13-19 ва 21-июл кунлари Навоий шаҳри ҳудудини чангсимон тутун қоплади. Аҳоли орасида бу вазият «Навоийазот» АЖ фаолияти билан боғлиқ деган асоссиз фикрлар кенг муҳокамага сабаб бўлмоқда.
Ушбу ҳолат юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз:
Корхона томонидан атмосферани ифлослантирувчи ташламалар миқдорининг меъёридан ошмаслигини назорат қилиш мақсадида 3, 23, 25-цехларга 3 дона автоматик газоанализатор, жамиятга қарашли санаторий-профилакторий ҳамда бошқарма ҳудудига 2 дона стационар постлар ўрнатилди ва бунга “Навоийазот” АЖ маблағлари ҳисобидан 6 миллиард 186 миллион сўм маблағ сарфланди. Шунингдек, атмосферага манбалардан ташланувчи ташламаларни тутиб қолиш мақсадида 3-цех донадорлаш минорасига 1 дона скруббер, 23-цех донадорлаш минорасига 4 дона скрубберлар ўрнатилди.
Корхона ҳудуди ва атрофини назорат қилиш мақсадида 500 тадан ортиқ замонавий кузатув камералари ўрнатилган. Ер сатҳидан 120 метр баландликдаги 10-15 км масофадаги жараённи яққол кўриш имкониятини берувчи камера тасвирларидан кўриш мумкинки, атмосферанинг ифлосланишига сабаб бўлган чангсимон тутун корхона ҳудудидан тарқалмаган.
Тутун ғарбий ҳудуддан ҳавога кўтарилиб, шамол йўналиши бўйлаб “Навоийазот” АЖ усти ва атрофидан ўтиб кейин бутун шаҳарга тарқалган.
Навоий вилояти экология бошқармаси томонидан 19-июл кунги ҳолат юзасидан билдирилган маълумотда корхонага қарашли санитар лаборатория ходимлари билан ҳамкорликда таҳлил ўтказилгани айтилган. Аслида эса ўрганиш ишларидан корхона вакиллари хабардор этилмаган. Шунингдек, атмосфера таркибида аммиак 1,4 баробар ҳамда водород сулфидининг 16,8 баробар меъёрдан юқорилиги аниқланганлиги қайд этилган.
Таъкидлаш лозимки, аммиак ҳам, водород сулфиди ҳам рангсиз, газсимон модда бўлиб, кўзга кўринмайди. Навоий шаҳрини чангсимон тутун қоплаганини эса аҳоли кўриб, гувоҳига айланди.
19-июл куни соат 7:30-8:00 оралиғида корхона мутахассислари томонидан ўтказилган текширув натижасида ҳаво таркибида аммиак мавжуд эмаслиги аниқланган. Корхонага қарашли тиомочевина цехи жорий йилнинг феврал ойидан буён фаолият юритмаяпти. Шу боис, атмосферага водород сулфиди чиққанлиги ҳақидаги маълумот мутлақо асоссиз.
Углерод икки оксиди эса кўмирнинг чала ёниши натижасида ҳосил бўлади, «Навоийазот» АЖда эса маҳсулот ишлаб чиқаришда кўмирдан фойдаланилмайди.
Таъкидлаш жоиз, корхона томонидан экологик хавфсизлик масаласига биринчи галдаги устувор вазифа сифатида қаралади ва атмосферага чиқариладиган ташламалар миқдорини кескин камайтиришга йўналтирилган аниқ, муддатли чора-тадбирлар белгиланиб, улар асосида босқичма-босқич иш олиб борилмоқда.
Шундан келиб чиқиб, «Навоийазот»АЖнинг атмосферани ифлослантираётган чангсимон тутунга ҳеч қандай алоқаси йўқлигини маълум қиламиз.
Шу муносабат билан ОАВ ҳамда жамоатчилик вакилларидан нотўғри ва асосланмаган маълумотларни тарқатмасликни сўраб қоламиз.
“Ўзкимёсаноат” АЖ Матбуот хизмати