"Ўзкимёсаноат" АЖ

Ҳурматли “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти тизимида фаолият юритувчи раҳбар-ходимлар!

// 26.07.2021
https://uzkimyosanoat.uz/uz/press/news/murojat-VAK

Мамлакатимизда коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолатлари ортиб бораётганлигини инобатга олиб, Республика махсус комиссиясининг қарорлари билан қатор тартиб ва чекловлар жорий этилмоқда. Коронавирус инфекцияси билан боғлиқ эпидемиологик вазиятни яхшилашнинг энг мақбул усули вакцинация жараёнларини имкон қадар тез ва оммавий ўтказиш эканлиги олим ва мутахассислар томонидан эътироф этилмоқда.

Вакцина олиш орқали Сиз нафақат ўзингизни, балки оила аъзоларингиз, ҳамкасбларингиз ва қолаверса, жамият саломатлигини ҳимоя қиласиз ва хавф-хатардан холи бўласиз. Шунингдек, давлат бюджети маблағлари ҳисобидан бепул амалга оширилаётган оммавий эмланиш тадбирларидаги иштирокингиз билан кескин эпидемиологик вазиятни бартараф этишга ҳисса қўшасиз.

“Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти раҳбар ва ходимлари эмлаш тадбирларида фаол иштирок этиб, ZF-UZ-VAC 2001 хитой-ўзбек вакцинасини қабул қилдилар.

Кимё саноати корхона ва ташкилотларида фаолият кўрсатаётган ишчи-ходимларнинг саломатлигини муҳофаза қилиш мақсадида коронавирус инфекциясига қарши эмлаш тадбирларида фаол иштирок  этишга чорлайман. Бу жараёнда турли миш-мишлар ва асосланмаган маълумотларга эмас, мутахассислар тавсияларига амал қилиш мақсадга мувофиқлигини қайд этган ҳолда ўзингиз ва яқинларингиз соғлиғига бефарқ бўлмасликка чақираман.

Коронавирус инфекциясига қарши оммавий эмлаш тадбирларида фаол иштирок этиш орқали дунё аҳлини ваҳимага солаётган ва тараққиётга таҳдид солаётган касаллик занжирини узишга ўз ҳиссамизни қўшайлик!

 

Ҳурмат билан,

Бошқарув раиси                                                   Ж.Мирзамаҳмудов