"Ўзкимёсаноат" АЖ

“Navoiyazot” акциядорлик жамиятидаги аммиак ва карбамид ишлаб чиқариш комплексини ишга тушириш-созлаш ишлари бошланди

// 05.11.2020
https://uzkimyosanoat.uz/uz/press/news/mitsubishi-navoiyazot

“Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти раҳбарияти “Navoiyazot” AЖдаги инвестицион лойиҳалар ижроси жумладан, корхонадаги аммиак ва карбамид ишлаб чиқариш комплексида олиб борилаётган сўнгги тайёргарлик ишлари билан танишди. Шу ернинг ўзида Япониянинг “Mitsubisi Heavy Industries” ҳамда “Mitsubisi Corporation” компанияларининг ишлаб чиқаришдаги масъуллари билан лойиҳани ишга тушириш-созлаш ишларини янада жадаллаштириш бўйича музокаралар ўтказилди. Шундан сўнг аммиак ва карбамид ишлаб чиқариш раҳбар-ходимлари билан комплекс кўздан кечирилди ҳамда илк маҳсулот олиш ишларини тезлаштириш бўйича кўрсатмалар берилди. Ҳозирги кунда келишилган графикка асосан аммиак ишлаб чиқариш қисмида табиий газ етказиб бериш бошланди ва тегишли технологик қурилмаларда созлаш ишлари олиб борилмоқда.

Ташриф чоғида корхонадаги ПВХ, каустик сода ва метанол ишлаб чиқариш комплекси фаолияти ҳам ўрганилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида саноат тармоқларидаги 9 ойлик натижалар ва йил якунигача бажарилиши лозим бўлган вазифалар муҳокамаси бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида йил якунига қадар 16 минг тонна ПВХ ишлаб чиқариш бўйича график тасдиқланди ва назоратга олинди.

Видеоконференц-алоқа орқали эса Хитойнинг “China CAMC Engineering Co., LTD” ва “HQC Shanghai Company” компаниялари вакиллари билан ПВХ-2 лойиҳасини амалга ошириш ишлари бўйича музокаралар ўтказилди ва “Navoiyazot” AЖ Бош режасига асосан ПВХ-2 лойиҳасини қуриш учун ҳудудни тайёрлаш жараёни ўрганилди.

 

“Ўзкимёсаноат” АЖ Матбуот хизмати