"Ўзкимёсаноат" АЖ

Эндиликда Д.И.Менделеев номидаги Россия кимё-технология университетининг Тошкент шаҳридаги филиали талабалари янги замонавий бинода таҳсил оладилар

// 27.05.2021
https://uzkimyosanoat.uz/uz/press/news/mendeleev-opening2

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 июндаги “Тошкент шаҳрида “Д.И.Менделеев номидаги Россия кимё-технология университети” Федерал давлат бюджети олий таълим муассасаси филиалини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ-4352-сонли қарорига мувофиқ Тошкент шаҳрида 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб Д.И.Менделеев номидаги Россия кимё-технология университетининг филиали фаолият кўрсатишни бошлади.

Кадрларга бўлган эҳтиёжни ҳисобга олиб, университет билан келишилган ҳолда, Филиал бакалавр ва магистратура йўналишлари бўйича барча даражадаги мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ишларини амалга оширади.

27 май куни Д.И.Менделеев номидаги Россия кимё-технология университетининг Тошкент шаҳридаги филиали янги биносининг тантанали очилиш маросимини ўтказилди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси А.Абдувахитов, Россия Федерацияси Президенти Адмистрацияси бошқарма бошлиғининг ўринбосари А.Рыбаков, Олий ва ўрта махсус таълим вазири А.Тошқулов, “Ўзкимёсаноат” АЖ Бошқарув раиси Ж.Мирзамаҳмудов, Россия фан ва олий таълим вазирининг ўринбосари Д.Афанасьев, Россия Федерациясининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси О.Мальгинов, Россия Федерацияси делегациясининг аъзолари, ташкилот тизимидаги корхоналар раҳбарлари, талаба-ёшлар ва оммавий ахборот воситаси вакиллари иштирок этди.

Филиалда бакалавриат таълим дастури бўйича ўқиш қуйидаги таълим йўналишлари бўйича олиб борилиди:

  1. Кимё технологияси;
  2. Техносфер хавфсизлик;
  3. Материалшунослик ва метериаллар технологияси;
  4. Материалларни бадиий қайта ишлаш технологияси.

Ушбу таълим йўналишлари “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқ корхоналарининг кимё-технологик йўналишдаги кадрларга бўлган эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда белгиланган.

Бир асрдан кўп тарихга эга Д.И.Менделеев номидаги Россия кимё-технология университети кимё саноати ва илм-фанни бевосита ривожлантиришга ҳисса қўшган 100 мингдан ортиқ муҳандисларни етиштирган.

Университет Россиядаги кимё ва технологик университетлар орасида энг юқори рейтингга эга ва МДҲдаги энг яхши олий ўқув юртлари рўйхатига киритилган олий таълим муассасаси ҳисобланади.

Ўзбекистонда университет тарихи чуқур илдизга эга бўлиб, Иккинчи Жаҳон уруши даврида 1941-йил 16-октабрдан 17-ноябргача Қўқон шаҳрига эвакуация қилинган ва 1943-йил мартигача тўлиқ фаолият юритган.

Тарихий илдизларга эга университетнинг Тошкент шаҳридаги филиалида ҳозирги кунда фан номзодлари фаолият олиб боришмоқда,  инглиз тили ва жисмоний тарбия машғулотларини юқори малакали маҳаллий ўқитувчилар олиб боришмоқда. Қолган барча махсус фанлар  бўйича машғулотлар Д.И.Менделеев номидаги Россия кимё-технология университети профессор-ўқитувчилари томонидан олиб борилмокда.

Филиал биносининг очилиш маросимидан сўнг тадбир иштирокчилари ва Россия Федерацияси делегацияси аъзолари олий таълим муасасасининг моддий-техник базаси билан танишдилар. Талабалар учун яратилган шарт-шароитларни кўздан кечирдилар.

Филиалнинг янги замонавий биноси зарур мебель, замонавий ўқув-лаборатория жиҳозлари, кутубхона фонди, компьютер ва бошқа ўқув жиҳозлари билан таъминланган, шунингдек, катта маърузалар зали, лаборатория биноси, ёпиқ спорт зал, 3 та очиқ спорт майдонлари (мини футбол, баскетбол), 200 ўринлик ошхона, 4-қаватлик 225 ўринлик талабалар ётоқхонаси ҳамда ўз анфитеатрига эга. Бу ерда талабалар ўқиши ва яшаши учун барча шароитлар яратилган.

Асосийси университет талабаларнинг касбий тайёргарлиги нафақат “Ўзкимёсаноат” АЖ тизимидаги йирик корхоналар, балки фармацевтика, нефть-газ ва энергетика саноати корхоналарида ҳам олиб борилади. Бу эса талабаларга ўқув жараёнида олган назарий билимларини олий таълим муассасасини битирмасданоқ амалиётда қўллаш имконини беради ва уларни малакали кадрлар бўлиб етишишига хизмат қилади.

Тадбирдан сўнг Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссияси Фан ва таълим бўйича қуйи комиссиясининг навбатдаги мажлиси ташкил этилди.

“Ўзкимёсаноат” АЖ Матбуот хизмати