"Ўзкимёсаноат" АЖ

“Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти фаолиятининг 2021 йилги якунлари ҳамда 2022 йилда амалга ошириладиган асосий вазифалар юзасидан матбуот анжумани ташкил этилди

// 28.12.2021
https://uzkimyosanoat.uz/uz/press/news/matbuot-anjumani-2021-yakunlari

Бугун Ўзбекистон Миллий матбуот марказида “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти фаолиятининг 2021 йилги якунлари ҳамда 2022 йилда амалга ошириладиган асосий вазифалар юзасидан матбуот анжумани ташкил этилди.

Тадбирда “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти томонидан жорий йил давомида ишлаб чиқарилган саноат маҳсулотлари, маҳсулот ҳажми ва маҳсулот турлари ҳақида маълумот берилди ҳамда 2022 йилда ташкилот томонидан амалга ошириладиган асосий вазифаларга тўхталиб ўтилди.

Аввало куни кеча мамлакатимиз кимё саноати тарихида илк бор “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти тизимидаги корхоналар томонидан 2021 йил бошидан буён ишлаб чиқарилаётган азотли минерал ўғитлар миқдори физик ҳолда 3 млн. тоннадан шу жумладан, карбамид миқдори 1 млн. тоннадан ортиқ ишлаб чиқарилишга эришилганлигини таъкидлаб ўтиш жоиз.

Жорий йил якунига қадар жами 10,5 трлн сўмлик товар маҳсулоти ишлаб чиқарилиши кутилаётан эди, аммо қўшимча резервларни ишлатиш ҳисобига ушбу кўрсаткични 10,8 трлн. сўмга етказишга эришилди. Ўтган йилга нисбатан ўсиш суръати 126,2 фоизни ташкил этади. Бу ўзгаришлар натижасини албатта молиявий кўрсаткичларда кўришингиз мумкин. Масалан 2016 йилда “Ўзкимёсаноат” АЖ тармоқ корхоналари умумий ҳисобда 34 млрд. сўм зарар билан чиққан бўлиб, ҳозирда яъни 2021 йил якуни билан ушбу кўрсаткич 1,1 трлн. сўм соф фойдани ташкил этмоқда. Албатта Давлатимиз раҳбари томонидан кимё саноатида чуқур ислоҳотлар ўтказиш ва бозор иқтисодиётига ўтиш сабабли ушбу кўрсаткичларга эришилди.

2021 йил 21 декабрь ҳолатига 10,6 трлн сўмлик товар маҳсулоти ишлаб чиқарилди. Жами физик ҳолда 3,8 млн. тонна минерал ўғитлар (режа бажарилиши 104,9 фоиз, ўсиш ўтган йилга нисбатан 128,3 фоиз) ишлаб чиқарилади. Шундан,

- азотли ўғитлар 3,04 млн. тоннани (режа бажарилиши 106,7 фоиз, ўсиш ўтган йилга нисбатан 131,8 фоиз);

- фосфорли ўғитлар – 0,4 млн. тоннани (режа бажарилиши 106,8 фоиз, ўсиш ўтган йилга нисбатан – 147,3 фоиз);

- калийли ўғитлар – 0,3 млн. тоннани (режа бажарилиши 88,9 фоиз, ўсиш ўтган йилга нисбатан – 91,4 фоиз) ташкил этади.

Ўз навбатида республикамизнинг қишлоқ хўжалигини минерал ўғитлар билан ўз вақтида, узлуксиз таъминлаш ҳамда экспорт салоҳиятини оширишга муносиб ҳисса қўшиш имконини берди.

Мазкур кўрсаткичларга эришишда “Навоийазот” АЖ корхонасида нитрат кислотаси ва аммиак-карбамид ишлаб чиқариш бўйича замонавий ишлаб чиқариш қувватларининг босқичма-босқич ишга туширилгани, тармоқнинг бошқа корхоналарида ускуналарни капитал таъмирлаш ва модернизация қилиш ҳамда “Ўзкимёсаноат” АЖда амалга оширилаётган ислоҳотлар муҳим омил бўлди.

Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш керакки, жорий йилда жами 70,4 млрд. сўмлик 4 та янги турдаги кимё маҳсулотлари ишлаб чиқаришга эришилди. Жумладан, карбоксиметилцеллюлоза (КМЦ) 58,1 млрд. сўм, карбамидформальдегид концентрати (КФК-85) 10,2 млрд. сўм, NPK мураккаб ўғитлари 1,6 млрд. сўм ва серомочевина 500 млн. сўмни ташкил этади.

Маҳаллийлаштириш дастури доирасида жорий йилда 1,7 трлн. сўмлик 26 турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, саноат кооперацияси ва маҳалийлаштириш ҳисобига тармоқ импорт ҳажми 75,9 млн. долларга қисқартирилиши кутилмоқда. Йиллик режа 117,6 фоизга бажарилиб, ўтган йилга нисбатан ўсиш суръати 129,7 фоизни ташкил этади.

Йил якунига қадар соҳада 370,7 млн. долларлик кимё маҳсулотлари экспорти амалга оширилади. Ўтган йилга нисбатан ўсиш суръати 196,3 фоизни ташкил этади. Йиллик режа эса 144,3 фоизга бажарилади. Шундан 300,2 млн. долларлик минерал ўғитлар ва 70,5 млн. долларлик бошқа турдаги кимёвий маҳсулотлар ташкил этади.

Бугунги кунда кимё маҳсулотларининг улуши ялпи ички маҳсулотнинг қарийб 1,7 фоизини, республика саноат маҳсулотларининг 6,7 фоизини ташкил этади.

2022 йилда 12,4 трлн сўмлик товар маҳсулоти ишлаб чиқарилиши кўзда тутилган. Минерал ўғитлар ишлаб чиқариш ҳажмини 4,0 млн. тоннага етказиш режалаштирилган.

Маҳаллийлаштириш дастури доирасида 2022 йилда 2,0 трлн.сўмлик 30 турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши мўлжалланмоқда.

Маҳсулотлар таннархини пасайтириш борасида тасдиқланган чора-тадбирлар амалга оширилиши ҳисобига 2022 йилда жами 608,8 млрд.сўмлик харажатлар мақбуллаштирилади.

2022 йилда 400,0 млн. долларлик экспорт прогноз кўрсаткичи белгиланди. 2022 йилда экспорт қилинадиган маҳсулотлар диверсификацияси 40 тага (янги турдаги NPK 13,5 млн. доллар, карбамид-формалдегид концентрати 770,0 минг доллар, формалин 75 минг доллар) етказилади.

2022 йилда жами 37 та давлатга, янги турдаги кимё маҳсулотлари, яъни кальций хлорид ҳамда NPK-ўғитлар экспорти режалаштирилган.

2021 йилда Инвестиция дастурига асосан 24 та лойиҳа доирасида жами 139,8 млн доллар (режа 100,0 фоиз) инвестициялар ўзлаштирилди. Шундан тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар 114,1 млн. долларни (ўтган йилга нисбатан 2,5 баробар кўп) ташкил этади.

Жорий йилда умумий қиймати 58,0 млн. долларга тенг 10 та лойиҳа фойдаланишга топширилди ва 305 та янги иш ўринлари яратилди.

Фойдаланишга топширилган лойиҳалар натижасида йилига жами 763,4 млрд. сўмлик товар маҳсулоти (2022 йилда 384,4 млрд. сўм) ишлаб чиқарилади,шундан, тармоқ экспорт салоҳияти 13,0 млн. долларга ошириш (2022 йилда 4,5 млн. доллар) имконияти яратилди.

“Ўзкимёсаноат” АЖ томонидан дастлабки босқичда республиканинг 4 та ҳудудида – Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий, Фарғона ва Тошкент вилоятларида ташкил этиладиган 4 та кимё кластерларини ташкил этиш ва уларнинг ҳудудида дастлабки қиймати 7,7 млрд. долларлик 55 та лойиҳани амалга ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.

Жумладан, Навоий вилоятидаги кластер ҳудудида умумий қиймати 4,4 млрд. долларлик 32 та лойиҳа, Фарғона вилоятида 1,02 млрд. долларлик 8 та лойиҳа, Қорақалпоғистон Республикаси Устюрт ҳудудида 702,0 млн. долларлик 5 та лойиҳа ҳамда Тошкент вилоятида қиймати 1,6 млрд. долларлик 10 та лойиҳа амалга ошириш бўйича лойиҳалар рўйхати шакллантирилди.

2022 йилда Инвестиция дастури доирасида 18 та лойиҳа бўйича жами 403,3 млн. долларлик, шундан, 363,6 млн. доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар (жорий йилга нисбатан 3,2 баробар кўп), 25,3 млн. доллар корхоналар ўз маблағлари, 8,4 млн. доллар давлат кафолати остидаги хорижий кредитлар ва 6,0 млн. доллар тижорат банклари кредитлари ўзлаштирилиши таъминланади.

2022 йилда умумий қиймати 17,8 млн. долларга тенг 5 та лойиҳа ишга туширилиши натижасида йилига 2,4 минг тонна кўпикли полипропилен, 6 минг тонна гидроксиметилцеллюлоза, 410 минг кв.м. ПВХ асосида қурилиш материаллари, 120 минг тонна суюқ минерал ўғитлар ишлаб чиқариш қувватлари ҳамда Қўнғирот туманида кимё логистика маркази барпо этилади.

Мазкур лойиҳалар доирасида жами 614,7 млрд. сўмлик товар маҳсулоти ишлаб чиқариш ва тармоқ экспорт салоҳиятини қўшимча 22,8 млн. долларга ошириш имконияти яратилади.

2022 йил август ойига қадар умумий қиймати 950,0 млн. долларлик жами 8 та инвестиция лойиҳаси (ПВХ-2, ҳавони тақсимлаш ускунаси, кальциланган сода, меламин, пироксилин ва коллоксилин, кимё логистика маркази, гидроксиметилцеллюлоза ва суюқ минерал ўғитлар ишлаб чиқариш) доирасида қурилиш ишлари бошланади.

Умумий қиймати 2,0 млрд. долларлик жами 10 та йирик лойиҳалар бўйича лойиҳа олди ҳужжатлари (4 та ТИА ва 6 та бизнес-режа) ишлаб чиқилади ҳамда қиймати 1,8 млрд. долларлик 8 та истиқболли лойиҳалар бўйича хорижий инвесторларни жалб этиш ишлари олиб борилади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 15 декабрдаги “Кимё саноати учун инновацион кимёвий илмий-ишлаб чиқариш ва таълим кластерини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 753-сон қарорининг мақсад ва вазифлари ижросини таъминлаш борасида амалга оширилиши режалаштирилаётган ишларга ҳам тўхталиб ўтилди.

“Ўзкимёсаноат” АЖ, унинг тармоқ корхоналари ва республикамиз ҳудудида фаолият олиб бораётган хорижий ҳамкорларимиз учун малакали ёш кадрлар тайёрлашга илк жиддий ва устивор қадамлар 2019 йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тошкент шаҳрида Д.И.Менделеев номидаги Россия кимё-технология университетини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори билан бошлаган эди.

Ҳозирги кунда ушбу қарор ижроси амалга оширилиши натижасида янги замонавий ва жаҳон стандартларига жавоб берувчи университет филиали фаолият бошлади. Ушбу университет филиалида 300 нафарга яқин талабалар таълим олаётган бўлиб, уларга билим бериш учун 40 нафардан ортиқ маҳаллий ва хорижий профессор-ўқитувчилар жалб қилинган.

Шуни айтиб ўтиш керакки, “Ўзкимёсаноат” АЖ ва тармоқ корхоналари республикамиздаги бир неча ОТМлари билан кадрлар тайёрлаш бўйича ҳамкорлик ишларини олиб бораётган бўлиб, Д.И.Менеделеев номидаги Россия кимё-технология университетининг Тошкент шаҳридаги филиали ва Тошкент кимё-технология институти малкали ёш кадрлар тайёрлашда асосий стратегик ҳамкор ҳисобланади.

“Ўзкимёсаноат” АЖга Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Фанлар академияси ва Илмий кластер дирекцияси билан биргаликда 2021 йил якунига қадар илмий кластер ҳудудида қуриладиган объектлар, шу жумладан, муҳандислик-коммуникация ва ишлаб чиқариш инфратузилмаси объектлари рўйхатини тузиш, шунингдек, 2022 йил 25 декабрга қадар таълим йўналишлари ва ўқув дастурларини ишлаб чиқиш топширилган. Қорорнинг ҳаётга татбиқ этилиши натижасида:

1. Ушбу таълим кластери – малакали ва иқтидорли ёш мутахассисларни булоғи бўлади;

2. Ушбу таълим кластерига иқтидорли ёшларни жалб қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-4805-сонли қарори асосида бириктирилган кимё ва биология фанига ихтисослашган 27 та умумтаълим мактаблари, кимё саноат касб-ҳунар коллежлари, технологик техникумлар орқали амалга оширилади;

3. Олдин таълим тизимини ишлаб чиқаришдан узоқлашганлиги, талабаларнинг амалиётлари номига ўтказилганлиги сабабли ёш мутахассисларни тайёрлаш сифати ёмонлашишига олиб келган. Ушбу ҳолатлар бартараф этилади;

4. Ишлаб чиқариш билан таълим тизимини яқиндан интеграциялашувини йўлга қўйилиши натижасида:

- ёшларни илм-фанга, кимё соҳасига қизиқтириш, ўз устида изланишлар олиб боришга замин яратилади.

- янги “стартап” лойиҳалар, илмий ва инновацион изланишлар учун кенг шарт-шароитлар яратилади ва асосий мақсадлардан бири сифатида ривожланиши таъминланади.

5. Таълим кластерида олий ва ўрта махсус таълим тизими, илм-фан ва инновация ҳамда ишлаб чиқаришнинг уйғунлашувига замин яратилади;

6. Келгусида таълим кластери қўшни давлатлар учун малакали ёш мутахассисларни тайёрлашда етук таълим базаси сифатида рақобатлаша олади.

Матбуот анжумани сўнггида журналист ва блогерлар мавзу юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан жавоб олдилар.

 

“Ўзкимёсаноат” АЖ Матбуот хизмати