Давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан мамлакатимизда ёшларни кимё ва биология фанлари бўйича чуқур ўқитиш ҳудудларда янги-янги ишлаб чиқариш корхоналарини барпо этиш, юқори қўшилган қиймат яратадиган фармацевтика, нефть, газ, кимё, тоғ-кон, озиқ-овқат саноати тармоқларини жадал ривожлантириш борасида олиб бораётган ислоҳотлари узвий давоми сифатида “Ўзкимёсаноат” АЖ томонидан чекка ҳудудлардаги умумтаълим мактабларида замонавий кимё синф хоналари қайтадан тўлиқ таъмирланиб, лаборатория хоналари жиҳозланмоқда.
Бундан кўзланган асосий мақсад кимё ва биология фанлари бўйича таълим сифатини тубдан ошириш, умумтаълим мактабларида ушбу фанларни ўқитишнинг мутлақо янги тизимини жорий этиш, таълим муассасаларини замонавий лабораториялар, дарсликлар ва бошқа ўқув жиҳозлари билан таъминлаш, ушбу йўналишларга малакали ўқитувчи-мураббийларни жалб этиш, кадрлар тайёрлаш ва илм-фан натижаларидан фойдаланишда таълим, илм-фан ва ишлаб чиқариш соҳалари ўртасида ўзаро яқин мулоқот ва ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 12 августдаги “Кимё ва биология йўналишларида узлуксиз таълим сифатини ва илм-фан натижадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4805-сонли қарорига мувофиқ амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда “Ўзкимёсаноат” АЖ томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё, Жиззах, Сирдарё, Тошкент, Андижон,Наманган, Фарғона вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳридаги мактабларининг кимё синфи ва лаборатория хоналари таъмирланмоқда. Таъмирлаш ишлари якунлангач, кимё хоналари лабораториялари янги замонавий жиҳозлар билан таъминланади.
Таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари 2021-2022 ўқув йили бошига қадар якунланиб, объектларни фойдаланишга топшириш режалаштирилмоқда.
Янги ўқув йилига қадар ёш авлоднинг кимё фанининг сир-асрорларини чуқур ўрганишга, нафақат назарий билим олиш балки амалиётда турли тажрибалар ўтказиб, ушбу фанга қизиқишлари ошишига ўз ҳиссамизни қўшамиз деган умиддамиз.