"Ўзкимёсаноат" АЖ

“Ўзкимёсаноат” АЖ ва “Linde group” компанияси ўртасида ҳамкорлик шартномаси имзоланди

// 08.07.2022
https://uzkimyosanoat.uz/uz/press/news/linde-group-kompaniyasi-urtasida-hamkorlik-shartnomasi-imzolandi

Жорий йилнинг 6 июль куни “Ўзкимёсаноат” АЖ ва Германиянинг “Linde group” компанияси ўртасида ҳамкорлик шартномаси имзолаш маросими бўлиб ўтди. Унда “Ўзкимёсаноат” АЖ вакиллари,  “Linde group”  компаниясининг Яқин Шарқ ва Шарқий Европа бўйича президенти Оливер Пфанн ҳамда Россия ва МДҲ мамлакатларида инвестициялар бўйича вице-президенти Томас Ҳилкерлар иштирок этишди.

Имзоланган ҳамкорлик шартномаси асосида “Ўзкимёсаноат” АЖ ҳамда “Linde group” компанияси биргаликда, Тошкент вилоятида водород ҳамда аммиак ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳаларини амалга ошириши кўзланган бўлиб, жисмонан эскирган ишлаб чиқариш мажмуаси ўрнига янги, замонавий, энерготежамкор водород ишлаб чиқариш ускунасини ўрнатиш ҳамда мураккаб турдаги минерал ўғитларни ишлаб чиқариш лойиҳаси доирасида аммиак ишлаб чиқариш мажмуасини ташкил этиш бўйича келишувларга эришилди.

Бундан ташқари, хорижий ҳамкор билан биргаликда “Навоийазот” АЖда умумий қиймати 66,0 млн АҚШ долларига тенг бўлган “Ҳавони тақсимлаш ускунасини ўрнатиш” лойиҳасини амалга ошириш мақсадида қўшма корхона ташкил этиш бўйича тегишли ҳужжатлар келишиб олинди.   

Маълумот ўрнида айтиб ўтамиз, “Linde group”  компанияси саноат ва тиббий газларни ишлаб чиқариш бўйича дунёдаги етакчи компаниялардан бири бўлиб, дунёнинг 100 дан ортиқ мамлакатларида фаолият юритади.

 

“Ўзкимёсаноат” АЖ Матбуот хизмати