"Ўзкимёсаноат" АЖ

Коррупцияга қарши курашиш бўйича янги талаблар муҳокама қилинди

// 10.08.2026
https://uzkimyosanoat.uz/uz/press/news/korrupciyaga-qarshi-kurashish-buyicha-yangi-talablar-muhokam

«Ўзкимёсаноат» АЖ Коррупцияга қарши курашиш бошқармаси ташаббуси билан тармоқ корхоналарида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш самарадорлигини янада оширишга қаратилган тадбир ташкил этилди.

Унда «Maxam-Chirchiq», «Ammofos-Maxam» ва «Navoiyazot» АЖлар бошқарув раислари, уларнинг ўринбосарлари ҳамда коррупцияга қарши курашиш бўлинмалари ходимлари иштирок этди.

Тадбирда Президентимизнинг 2025 йил 25 декабрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори ҳамда 2026 йил 22 июнда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини оширишга, коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарлик муқаррарлигини таъминлашга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги қонуни мазмун-моҳияти атрофлича муҳокама қилинди.

Хусусан, мазкур ҳужжатларда коррупцияга қарши ички тузилмалар фаолияти самарадорлигини ошириш, уларнинг мустақиллигини таъминлаш ва ваколатларини кенгайтириш, коррупциявий хавф-хатарларни барвақт аниқлаш ҳамда уларнинг олдини олиш бўйича белгиланган вазифаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, давлат харидларини амалга ошириш жараёнида маблағларни асосли ва мақсадли сарфлаш, коррупциявий хавфларни минималлаштириш, манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик ҳамда белгиланган қонунчилик талабларига қатъий риоя этиш масалалари бўйича иштирокчиларга тегишли тушунтиришлар берилди.

Тадбир якунида тармоқ корхоналарида коррупцияга қарши комплаенс тизимини янада такомиллаштириш, коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш ва бу борада ходимларнинг ҳуқуқий хабардорлигини оширишга қаратилган чора-тадбирларни изчил давом эттириш зарурлиги таъкидланди.