"Ўзкимёсаноат" АЖ

Конституция – ҳуқуқ ва эркинликларимиз кафолати

// 06.12.2021
https://uzkimyosanoat.uz/uz/press/news/konstitutsiyaning-27-yilligi

“Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамиятида “Конституция – ҳуқуқ ва эркинликларимиз кафолати” мавзусида жамият раҳбар-ходимлари ҳамда тармоқ корхоналари ходимлари иштирокида видеоконференцалоқа орқали тадбир бўлиб ўтди.

Ҳар бир давлат ўз тараққиёт йўлини танлар экан, энг муҳим мақсад ва вазифаларини белгилаб олади. Мамлакатимиз мустақиллигининг илк даврида қабул қилинган Конституцияда ҳам халқимизнинг хоҳиш-иродаси, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, давлат тузилиши ўз ифодасини топган. Бош қомусимиз жинси, ирқи, миллати, дини, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, юртимиз фуқаролари тенглигининг кафолатланишини қайд этди ва замонавий демократик тараққиёт учун замин яратди.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси халқимизнинг кўп минг асрлик бой миллий давлатчилик тарихий-ҳуқуқий ва маънавий меросига асосланган. Ўзбекистон ҳудудида давлатчилик ва ҳуқуқ тарихи ўзининг чуқур илдизларига эга бўлиб, қадим-қадим даврларга бориб тақалади.

Давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 27 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида “Конституция ва қонун устуворлиги – фаровон ҳаёт гарови” деган тушунча фуқароларимизнинг онги ва қалбида чуқур ўрин эгаллаши ҳамда ижтимоий эҳтиёжга айланиши лозим”лигини алоҳида кўрсатиб ўтган эдилар.

Шу боис ҳам мамлакатимизда амалга оширилаётган инсонпарварлик сиёсатининг туб моҳияти турмуш тарзимизнинг барча жабҳаларини тубдан яхшилаш, инсонлар ҳаётининг бугуни ва эртасини обод этишдан иборат.

Тадбир давомида сўзга чиққан Комплаенс хизмати бош мутахассиси Ж.Зикиров мамлакатимизда амалга оширилаётган инсонпарварлик сиёсати фуқароларимизни, хусусан, жамиятимизнинг энг эҳтиёжманд, кўмакка муҳтож қатламлари вакилларига ҳам муносиб турмуш шароитлари яратиб бериш, озодликдан маҳрум этилган шахсларга пенсия ва ижтимоий суғурта тўлаб бериш тартибини амалиётга жорий этиш, 4 мингдан зиёд шахсни авф этиб, эркин ҳаётга қайтарилиши, 10 мингга яқин юртдошларимизга Ўзбекистон фуқароси мақоми берилиши, ўзга юртларда отасининг хатоси сабабли хор-зор бўлиб юрган, уруш олови ичидаги Яқин Шарқ ва Афғонистондан 261 нафар аёллар ва болаларнинг “Меҳр-1” ва “Меҳр-2” инсонпарварлик тадбирлари орқали Ватанимизга қайтарилганлигида намоён бўлаётганлигини таъкидлаб ўтди.

Бош қомусимиз ва қонунларимиз асосида олиб борилаётган бундай янги ижтимоий сиёсат жамиятимиздаги барча ижтимоий қатламларга мансуб фуқароларга мулкка эга бўлиш, муносиб иш, ўқиш, дам олиш ва даволаниш, сайлаш ва сайланиш ҳуқуқларини рўёбга чиқарилишида намоён бўлмоқда.

“Ўзкимёсаноат” АЖ Матбуот хизмати