"Ўзкимёсаноат" АЖ

Кимё саноатида яшил трансформация: халқаро тажриба ва амалий ечимлар муҳокама қилинди

// 24.11.2026
https://uzkimyosanoat.uz/uz/press/news/kimyo-sanoatida-yashil-transformaciya-halqaro-tazhriba-va-am

«Ўзкимёсаноат» АЖда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби билан ҳамкорликда «Кимё саноатида яшил трансформацияга ўтиш имкониятлари» мавзусида семинар ташкил этилди.

Тадбирдан кўзланган мақсад кимё саноати корхоналарида экологик барқарорликни таъминлаш, ресурслардан самарали фойдаланиш, ишлаб чиқариш жараёнларига замонавий яшил технологияларни жорий этиш ҳамда халқаро тажрибани ўрганишдан иборат.

Семинарда яшил трансформациянинг асосий йўналишлари, хусусан, ишлаб чиқаришда энергия ва хомашё сарфини қисқартириш, саноат чиқиндиларини қайта ишлаш ва улардан иккиламчи хомашё сифатида фойдаланиш, шунингдек, айланма иқтисодиёт моделини жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.

Тадбирда яшил иқтисодиёт ва барқарор ривожланиш бўйича халқаро эксперт Бианка Дёнике хорижий давлатлар тажрибаси юзасидан тақдимот билан иштирок этди.

Эксперт таъкидлаганидек, бугунги кунда кимё саноатида яшил трансформация нафақат экологик талабларга жавоб бериш, балки корхоналарнинг халқаро бозордаги рақобатбардошлигини оширишнинг муҳим омилига айланмоқда. Энергия ва хомашё ресурсларидан оқилона фойдаланиш, чиқиндиларни қайта ишлаш ҳамда айланма иқтисодиёт тамойилларини татбиқ этиш корхоналарга ишлаб чиқариш харажатларини камайтириш, ресурслар самарадорлигини ошириш ва янги бозор имкониятларини яратишга хизмат қилади.

Шунингдек, семинар доирасида хорижий корхоналарнинг амалий тажрибаси ва муваффақиятли кейслари кўриб чиқилиб, уларни маҳаллий кимё саноати корхоналари фаолиятига татбиқ этиш имкониятлари юзасидан фикр алмашилди.

Алоҳида эътибор корхоналарда экологик, ижтимоий ва корпоратив бошқарув (ESG) тамойилларини жорий этиш, барқарор ривожланиш стратегияларини ишлаб чиқиш ҳамда экологик масъулиятни ошириш масалаларига қаратилди.