Пойтахтимизда кимё саноатининг келажаги, ундаги замонавий тенденциялар ва экологик ечимлар муҳокамасига бағишланган муҳим тадбир — “Кимё саноатида соф технологиялар: фан, тажриба, истиқболлар” III халқаро илмий-техник конференцияси бўлиб ўтди. Тадбир “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти ва Инновацион ривожланиш агентлиги ҳамкорлигида ташкил этилди.
Анжуманда маҳаллий ва хорижий олимлар, олий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот институтлари вакиллари, соҳа мутахассислари иштирок этиб, дунё миқёсидаги илғор ютуқлар ва инновацион ечимлар ҳақида фикр алмашишди.Тадбирнинг очилиш маросимида “Ўзкимёсаноат” АЖ бошқаруви раиси Одил Темиров ва Инновацион ривожланиш агентлиги директори Асрор Норов сўзга чиқиб, ҳар йили анъанавий тарзда ўтказилаётган мазкур конференция кимё саноатида илм-фан, ишлаб чиқариш ва бизнес ўртасидаги мулоқот учун муҳим платформага айланиб бораётганига тўхталиб ўтдилар. Шунингдек, конференция кимё саноатини рақобатбардош ва экологик барқарор тарзда ривожлантириш йўлидаги ислоҳотларни амалга оширишда муҳим ўрин тутаётгани қайд этилди.
Конференциядаги маърузалар ва муҳокамалар қатор йўналишларни қамраб олди. Жумладан, энергияни сақлаш ва водород энергетикаси учун янги материаллар, нефть қолдиқларига асосланган замонавий углерод материаллари, кам энергия талаб қилувчи табиий газни ажратиш жараёнлари, яшил кимё ва кадрлар тайёрлаш каби масалаларга эътибор қаратилиб, экологик барқарор ишлаб чиқариш жараёнларини йўлга қўйиш учун мутахассислар салоҳиятини ошириш, таълим ва илм-фан интеграцияси юзасидан фикр алмашилди. Анжуманда нафақат илмий ютуқлар, балки амалий ҳамкорлик масалалари ҳам муҳокама қилинди. Таъкидланишича, ушбу тадбир нафақат билим ва тажриба алмашиш майдони, балки келгусидаги қўшма лойиҳаларга замин яратувчи муҳим платформага айланмоқда.
“Кимё саноатида соф технологиялар” конференцияси мамлакатимиз кимё саноатидаги илмий изланишларни янада жадаллаштириш, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва экологик талабларга жавоб берадиган янги технологияларни амалиётга жорий этишда навбатдаги қадам бўлди.
“Ўзкимёсаноат” АЖ Матбуот хизмати