"Ўзкимёсаноат" АЖ

«Кимё фанига ихтисослашган ва умумтаълим мактабларининг ўқитувчилари учун дастурий ва илмий фаолиятни ташкил этишнинг инновацион таълим тeхнологиялари» мавзусидаги ўқув сeминар-трeнинги бошланди

// 01.03.2022
https://uzkimyosanoat.uz/uz/press/news/kimyo-faniga-seminar-treningi

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 12.08.2020 йилдаги ПҚ-4805-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида «Ўзкимёсаноат» АЖ томонидан Д.И. Менделеев номидаги Россия кимё-технология университетининг Тошкент шаҳридаги филиали билан ҳамкорликда ташкил қилинган «Кимё фанига ихтисослашган ва умумтаълим мактабларининг ўқитувчилари учун дастурий ва илмий фаолиятни ташкил этишнинг инновацион таълим технологиялари» мавзусидаги ўқув семинар-тренинги бошланди. Россия кимё-технология университетининг Тошкент шаҳридаги филиали мезбонлик қилаётган тадбирнинг очилиш маросимида Республикамизнинг турли ҳудудларидан ташриф буюрган 50 дан  ортиқ  кимё фани ўқитувчилари, жамият вакиллари ва Россиялик мутахассислар иштирок этишди. Шу билан бирга «Ўзкимёсаноат» АЖ бошқаруви раиси ва РКТУнинг Тошкент шаҳридаги филиали ректори Ж.Мирзамаҳмудов ҳамда бош университет ректори Иля Владимирович Воротинцевлар видео алоқа ёрдамида онлине тарзда қатнашиб, мамлакатимизда кимё ва биология фанларини ривожлантириш, ушбу йўналишларда таълим сифати ва илм-фан натижадорлигини ошириш Давлатнинг устувор вазифалари қаторида белгиланганлиги, ёшларни кимё ва биология фанлари бўйича чуқур ўқитиш ҳудудларда янги-янги ишлаб чиқариш корхоналарини барпо этиш, юқори қўшилган қиймат яратадиган фармацевтика, нефть, газ, кимё, тоғ-кон, озиқ-овқат саноати тармоқларини жадал ривожлантиришга туртки бериши ҳамда пировардида халқимиз турмуш шароити ва даромадларини оширишга пухта замин ҳозирлаши, шунингдек, ўрта махсус, профессионал, олий таълим, илмий-тадқиқот муассасалари ҳамда соҳадаги ишлаб чиқариш корхоналари ўртасида кадрлар тайёрлаш ва илм-фан натижаларидан фойдаланиш борасида узвий боғлиқлик, самарали мулоқот ва ҳамкорлик йўлга қўйилиши лозимлиги, бунда эса кимё фани ўқитувчиларининг аҳамияти улкан эканлиги, Россиялик малакали мутахассис таклиф қилиниб ташкил этилаётган семинардан кўзланган асосий мақсад юртимизда кимё фанини ривожлантириш, мактабларимизда ёш кимёгарлар сонини ошириш, кимё саноати қанчалик керакли эканлигини фан ўқитувчилари орқали ёшларга етказиш эканлигини таъкидлашди, қолаверса семинар-тренинг фаолиятида барчага омад тилашди.

Очилиш маросими давомида иштирокчилар РКТУ нинг Тошкент шаҳридаги филиали фаолияти, талабалар учун яратилган шароитлар, кутубхона ҳамда замонавий ўқув ва лабаратория хоналари билан танишишди ва шундан сўнг семинар-тренингга старт берилди.

28 февраль - 5 март кунлари бўлиб ўтадиган ўқув семинар-тренингларида Республикамизнинг қатор ҳудудларидан жами 150 нафар ўқитувчи иширок этиши кўзланган.

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш зарур, Кимё ва биология фанлари бўйича таълим сифатини тубдан ошириш, умумтаълим мактабларида ушбу фанларни ўқитишнинг мутлақо янги тизимини жорий этиш, таълим муассасаларини замонавий лабораториялар, дарсликлар ва бошқа ўқув жиҳозлари билан таъминлаш, ушбу йўналишларга малакали ўқитувчи-мураббийларни жалб этиш, кадрлар тайёрлаш ва илм-фан натижаларидан фойдаланишда таълим, илм-фан ва ишлаб чиқариш соҳалари ўртасида ўзаро яқин мулоқот ва ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан «Кимё ва биология йўналишларида узлуксиз таълим сифатини ва илм-фан натижадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 12 август куни ПҚ-4805-сон қарори қабул қилинган бўлиб, ушбу қарорга мувофиқ «Ўзкимёсаноат» АЖ ҳамда тармоқ корхоналарига 27 та умумтаълим мактаби кимё ва биология фанларига ихтисослаштириш мақсадида бириктириб берилди. 2021 йил давомида барча мактабларнинг кимё хонаси ва лабораториялар тўлиқ таъмирланиб керакли жиҳозлар билан таъминланди.

«Ўзкимёсаноат» АЖ Матбуот хизмати