"Ўзкимёсаноат" АЖ

Касб ва меҳнат куни

// 05.05.2026
https://uzkimyosanoat.uz/uz/press/news/kasb-va-mehnat-kuni

Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарор ва фармонларига мувофиқ, жорий йилдан бошлаб 5-май -  “Касб ва меҳнат куни” сифатида ҳар йили кенг нишонланмоқда. 

Ушбу ташаббус жамоатчилик, айниқса ёшлар орасида касбларга қизиқишни ошириш ва касбий таълимни оммалаштиришга қаратилган тадбирларни изчил амалга оширишни назарда тутади.

Шу муносабат билан, бугун пойтахтимиздаги "Алпомиш" муз саройида “Касблар фестивали” ташкил этилди. Мазкур тадбирда маҳаллий ва хорижий йирик иш берувчи компаниялар, вазирлик ва идоралар билан бир қаторда “Ўзкимёсаноат” АЖ ҳам фаол иштирок этди. Фестивал доирасида иштирокчиларга ишлаб чиқариш жараёнлари, замонавий технологиялар ва соҳадаги имкониятлар ҳақида батафсил маълумотлар тақдим этилди. Ёшлар ўзларини қизиқтирган касблар бўйича мутахассислар билан мулоқот қилиш, амалий кўникмаларга эга бўлиш ҳамда келгуси фаолияти учун муҳим тавсиялар олиш имконига эга бўлдилар.

“Ўзкимёсаноат” АЖ томонидан тақдим этилган кўргазмалар ва маҳсулот намуналари иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. 

Компания вакиллари ёшларга кимё саноатидаги замонавий йўналишлар, иш ўринлари ва ривожланиш истиқболлари ҳақида маълумот бердилар.Ушбу тадбир ёшларнинг касб танлашида муҳим аҳамият касб этиб, уларнинг саноат соҳасига бўлган қизиқишини янада оширишга хизмат қилди.