"Ўзкимёсаноат" АЖ

“Jizzax Plastmassa” АЖ Устав капиталининг 25% миқдордаги улуши IPO орқали амалга ошилади

// 12.12.2019
https://uzkimyosanoat.uz/uz/press/news/jp-ipo

Бугун City Palace мехмонхонасида “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти тизимига кирувчи “Jizzax Plastmassa” АЖ Устав капиталидаги акцияларининг бирламчи оммавий таклифини (IPO) ўтказиш юзасидан расмий маросим ташкил этилди.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 апрелдаги “Кимё саноатини янада ислоҳ қилиш ва унинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш тўғрисида”ги ПҚ-4265-сонли Қарорининг ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилди.

Тадбир доирасида IPO орқали ушбу жамиятнинг қўшимча акциялари оммавий фонд биржасида жойлаштирилишининг очилиш маросимига старт берилди. Ушбу IPO тадбири Ўзбекистон тарихида иккинчи маротаба ўтказилаётганлигини ва тадбир орқали мамлакатимиз иқтисодиётига нафақат аҳолининг бўш маблағларини балки, чет эл инвесторларининг маблағларини жалб қилишга эришилиши мумкинлигини алоҳида таъкидлаш лозим.

“Jizzax Plastmassa” АЖ заводи Ўзбекистон Республикаси миқёсида халқ истеъмоли моллари, полиэтилен қувурлар ва полиэтилен плёнкаларини ишлаб чиқаришда йирик корхона ҳисобланади. “Жиззах пластмасса полиэтилен қувурлари заводи” 1960 йилларда лойиҳалаштирилган бўлиб, 1972 йил 15 декабрда биринчи бўлиб полиэтилен плёнкаси агрегати ишга туширилган. 1973 йил март ойида эса “Жиззах пластмасса полиэтилен қувурлари заводи”  ишга туширилганлиги тўғрисида далолатнома имзоланган.

“Jizzax Plastmassa” акциядорлик жамияти Ўзбекистон Республикаси кимё саноатида йирик корхоналардан бири ҳисобланади. Асосан пластик хом-ашёни қайта ишлаш асосида узлуксиз шнекли экструзия усулида қувурлар ва пленкалар, босим остида қуйиш ва пуфлаш (выдувание) орқали маҳсулотлар ишлаб чиқарилади.

1973 йилда биринчи маҳсулотлар – машинасозлик корхоналарига бутлаш маҳсулотлари ва қишлоқ хўжалигига полиэтилен пленкалари ишлаб чиқарилди. 1973-1975 йилларда қуйма машиналар ўрнатилиб, халқ истеъмол моллари: ҳар хил кўринишдаги кашпо (гултувак солиб қўйиладиган безакли ваза), тарелкалар, нон солинадиган идишлар, челаклар, тоғаралар ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Шу билан биргаликда, 1976 йилда полиэтилендан босимга чидамли ҳар хил диаметрдаги қувурлар ишлаб чиқарила бошланди. 1996 йилда “Ўзкимёсаноат” ДАК таъсисчилигида “Jizzax Plastmassa” акциядорлик жамиятига айлантирилди.

 Мустақиллик йилларида “Jizzax Plastmassa” акциядорлик жамиятида экологик жиҳатдан жаҳон стандартларига тўла жавоб берадиган замонавий технологик ускуналар ўрнатилди.

Энг йирик акциядорлар - 66,20% улушга эга давлат, “Ўзкимёсаноат” АЖ 27,12% улушга эга ва компания Устав капиталининг 6,68% улушига эга бошқа акциядорлар.

“Jizzax Plastmassa” АЖ Устав капиталининг 25% миқдордаги улуши IPO орқали амалга ошилади, бу эса 1 140 246 акцияни ташкил этади. Акциялар жойлаштирилгандан сўнг акциялар умумий сони 5 701 231 донага етади. Бир киши 11,402 акцияларини сотиб олиши мумкин, бу таклифнинг 1% ни ташкил этади.

Лойиҳада хорижий сармоядорлар ҳам, жисмоний ва юридик шахс бўлган юртдошларимиз ҳам иштирок этишлари мумкин.

“Ўзкимёсаноат” АЖ Матбуот хизмати