"Ўзкимёсаноат" АЖ

Халқаро молия корпорацияси ҳамда Ўзбекистон ҳукумати ҳамкорлигида кимё саноатини модернизация қилиш ва ўғитлар ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш бўйича битим имзоланди

// 21.06.2021
https://uzkimyosanoat.uz/uz/press/news/ifc-chemical

Жаҳон банки гуруҳининг аъзоси бўлган Халқаро молия корпорацияси (ХМК) ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасида кимё саноатини модернизация қилиш ва ўғитлар ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш бўйича имзоланган янги ҳамкорлик битими ушбу соҳага сармояларни жалб қилиш ва барқарор амалиётни қабул қилишни рағбатлантиришга қаратилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 27 октябрдаги “Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-6096-сонли Фармонига мувофиқ йирик давлат корхоналари ва хўжалик бирлашмалари шу жумладан, минерал ўғитлар соҳасини ислоҳ қилиш ва кейинчалик хусусийлаштириш бўйича ҳамкорлик дастури доирасида тегишли таклифларни ишлаб чиқиш мақсадида Молия вазирлиги томонидан Халқаро молия корпорацияси (ХМК) жалб қилинди.

Халқаро молия корпорацияси “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти тизимидаги корхоналарни ҳамкорликда тайёрланган саволнома асосида ўрганиб чиқди ҳамда минерал ўғитлар соҳасини ислоҳ қилиш ва кейинчалик хусусийлаштириш бўйича ҳамкорлик дастури бўйича ишларни амалга ошириш чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқилди.

“Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти Халқаро молия корпорацияси билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 13 февралдаги “Кимё саноати корхоналарини янада ислоҳ қилиш ва молиявий соғломлаштириш, юқори қўшилган қийматли кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4992-сонли қарори ижросини таъминлаш доирасида ҳамкорликда фаолият олиб боради.

Қарорга мувофиқ “Ўзкимёсаноат” АЖ Халқаро молия корпорацияси ва консультантларнинг тавсиялари асосида кимё саноатидаги ислоҳотларнинг ўз вақтида мувофиқлаштирилишини, замонавий корпоратив бошқарув тизимлари, жумладан ахборот-коммуникация технологияларини ишлаб чиқариш жараёнлари ва тайёр маҳсулотни сотишнинг барча босқичларида жорий этишга қаратилган кимё корхоналари трансформациясини амалга оширади.

“Ўзининг бой табиий ресурсларини ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон давлати кимёвий маҳсулотлар ва ўғитларнинг асосий экспортчисига айланиши мумкин. Прогрессив ислоҳотлар, замонавий кўникмалар ва технологияларга сармоя киритиш орқали, кимё саноати мамлакат иқтисодий ривожланишида катализатор ролини ўйнаши мумкин”, - деди Жоржина Бейкер, ХМКнинг Европа, Марказий Осиё, Лотин Aмерикаси ва Кариб денгизи бўйича вице-президенти. “Ушбу ҳамкорлик орқали биз Ўзбекистон ҳукуматини ушбу соҳани модернизация қилишда, халқаро компаниялар инвестицияларини жалб қилишда ва мамлакатда барқарор кимё саноатини яратиш учун зарур бўлган енг янги ечимлар ва илғор тажрибаларни тадбиқ етишда қўллаб-қувватламоқчимиз».

Ўзбекистон ҳукумати ва Халқаро молия корпоряцияси томонидан ўтказилган муҳокамалар натижасида кимё саноатини модернизация қилиш ва ўғитлар ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш бўйича имзоланган ҳамкорлик битимига мувофиқ “Ўзкимёсаноат” АЖ томонидан трансформация таклифлари тайёрланади.

“Ўзкимёсаноат” АЖ Матбуот хизмати