
2026-йилда республика ҳудудларида маҳаллий корхоналар томонидан кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини янада оширишга қаратилган изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. “Ўзкимёсаноат” АЖ бошқарув раисининг топшириғига мувофиқ, манзилли рўйхатга киритилган лойиҳаларининг ижросини жойига чиққан ҳолда ўрганиш мақсадида махсус ишчи гуруҳ тузилди.
Ишчи гуруҳ аъзолари бевосита ҳудудларда бўлиб, кимё саноати корхоналари фаолиятини ўрганмоқда. Хусусан, Наманган, Андижон, Фарғона, Тошкент, Сирдарё ҳамда Навоий вилояти ҳудудларидаги кимё саноати корхоналарига ташрифлар амалга оширилди.

Ўрганишлар давомида ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш даражаси, хомашё таъминоти барқарорлиги, технологик жараёнларнинг самарадорлиги ҳамда маҳсулот турларини кенгайтириш бўйича амалга оширилаётган ишлар атрофлича таҳлил қилинди.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, ҳудудларда амалга оширилаётган модернизация ва техник янгиланиш ишлари ишлаб чиқариш ҳажмини сезиларли даражада ошириш имконини беради. Айни пайтда импорт ўрнини босувчи янги турдаги маҳсулотларни ўзлаштириш, маҳаллийлаштириш даражасини кўтариш ва ички бозор эҳтиёжини тўлиқ қондириш устувор вазифа сифатида белгиланган.

Ишчи гуруҳ томонидан ҳар бир корхона кесимида мавжуд муаммолар, инфратузилма масалалари ва қўшимча имкониятлар юзасидан аниқ таклифлар тайёрланмоқда. Бу эса лойиҳалар ижросини жадаллаштириш ва аниқ натижаларга эришишга хизмат қилади.


