"Ўзкимёсаноат" АЖ

Гарвард олимлари атмосферадан карбонат ангидридни тезроқ чиқариб ташлаш учун бактериялар яратди

// 22.09.2026
https://uzkimyosanoat.uz/uz/press/news/garvard-olimlari-atmosferadan-karbonat-angidridni-tezroq-chi

Гарвард университети ва Стэнфорд Доэрр барқарор ривожланиш мактаби олимлари минералларнинг табиий емирилиш жараёнини тезлаштириш ва атмосферадаги карбонат ангидридни боғлаш мақсадида денгиз бактериясини генетик жиҳатдан модификация қилди.

Технология асосида силикатли минерал бўлган оливиннинг эриши жараёни ётади. Оливин сув ва ҳаво билан ўзаро таъсирлашганда атмосферадаги CO₂ ни ютиб, уни бикарбонатга айлантиради. Бироқ жараёнда ҳосил бўлган темир оксидланиб, минерал юзасида занг қатламини ҳосил қилади ва унинг кейинги емирилишини секинлаштиради. Айрим бактериялар сидерофорлар — темирни боғлаб, уни минерал юзасидан ажратиб олишга ёрдам берадиган молекулаларни ишлаб чиқаради.

Тадқиқотчилар A.macleodii бакбарқарор ривожланиш териясини темир концентрациясидан қатъи назар, доимий равишда сидерофорлар ишлаб чиқарадиган қилиб ўзгартирдилар. Оливин ва денгиз суви солинган лаборатория биореакторларида генетик жиҳатдан модификацияланган микроорганизмлар минералнинг эриш тезлигини 2,6 баробарга оширди. Тажриба давомида тизим суткасига тахминан 0,5 грамм CO₂ ни атмосферадан чиқарди.

Тадқиқотчиларнинг фикрича, эксперимент синтетик биология ёрдамида углеродни чиқариб ташлашнинг табиий жараёнларини тезлаштириш имкониятини намойиш этди.

Технологияни кенг миқёсда қўллаш вариантларидан бири модификацияланган бактерияларни денгиз суви ўтказиладиган йирик ҳавзаларда етиштириш бўлиши мумкин. Шу билан бирга, мутахассислар технологияни саноат миқёсида жорий этишдан олдин унинг экологик оқибатлари, ресурсларга бўлган эҳтиёжи ва хавфсизлигини ҳар томонлама баҳолаш зарурлигини таъкидламоқда.