"Ўзкимёсаноат" АЖ

«Фавқулодда вазиятми» ёки «фавқулодда ҳолат»

// 03.05.2024
https://uzkimyosanoat.uz/uz/press/news/favqulodda-vaziyatmi-yoki-favqulodda-holat

Ўқув машғулотидан

Кўп ҳолларда жамиятимиз тармоқ корхоналарида ишчи-ходимлар томонидан «фавқулодда вазият» тушунчаси ўрнига «фавқулодда ҳолат» тушунчасини қўллаш ёки ушбу тушунчаларни бир-биридан фарқлай олмаслик ҳолатлари учраб туради. Бу иккала тушунчага батафсил таъриф берамиз.

Фавқулодда вазият:

 Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 27-октабрдаги «Техноген, табиий ва эколигик тусдаги фавқулодда вазиятларнинг таснифи тўғрисида»ги 455-сон қарорига кўра, «фавқулодда вазият» – бу муайян ҳудудда ўзидан сўнг одамларнинг қурбон бўлиши, одамалар соғлиғи ёки атроф-муҳитга зиён етказиши, кишиларнинг ҳаёт фаолиятига каттагина моддий зарар ҳамда унинг бузилишига олиб келиши мумкин бўлган ёки олиб келган авария, ҳалокат, стихияли офат, эпидемиялар, эпизотиялар натижасида юзага келган ҳолатдир.

 Фавқулодда вазиятларнинг вужудга келиш сабабларига (манбаларига) кўра турлари қуйидагилар

I. Техноген тусдаги фавқулодда вазиятлар

1. Транспорт авариялари ва ҳалокатлари.

2. Кимёвий хавфли объектлардаги авариялар.

3. Ёнғин-портлаш хавфи мавжуд бўлган объектлардаги авариялар.

4. Энергетика ва коммунал тизимлардаги авариялар.

5. Одамлар ўлими билан боғлиқ бўлган ва зудлик билан авария-қутқарув ишлари ўтказилишини ҳамда зарар кўрганларга шошилинч тиббий ёрдам кўрсатилишини талаб қиладиган бинолар конструкцияларининг тўсатдан бузилиши, ёнғинлар, газ портлаши ва бошқа ҳодисалар.

6. Радиоактив ва бошқа хавфли ҳамда экологик жиҳатдан зарарли моддалардан фойдаланиш ёки уларни сақлаш билан боғлиқ авариялар.

7. Гидротехник ҳалокатлар ва авариялар.

 

II. Табиий тусдаги фавқулодда вазиятлар

1. Геологик хавфли ҳодисалар.

2. Гидрометеорологик хавфли ҳодисалар.

3. Фавқулодда эпидемиологик, эпизоотик ва эпифитотик вазиятлар.

 

ИИИ. Экологик тусдаги фавқулодда вазиятлар

1. Қуруқлик (тупроқ, ерости)нинг ҳолати ўзгариши билан боғлиқ вазиятлар.

2. Атмосфера (ҳаво муҳити) таркиби ва хоссалари ўзгариши билан боғлиқ бўлган вазияттар.

3. Гидросфера ҳолатининг ўзгариши билан боғлиқ вазияттар.

4. Фавқулодда вазиятларнинг зарар кўрган одамлар сонига, моддий зарарлар миқдорига ва кўламларига (ҳудудлар чегараларига) кўра турлари қуйидагилар:

I. Локал фавқутодда вазият — фавқутодда вазият натижасида 10 дан ортиқ бўлмаган одам жабрланган ёҳуд 100 дан ортиқ бўлмаган одамнинг ҳаёт фаолияти шароитлари бузилган ёхуд моддий зарар фавқулодда вазият пайдо бўлган кунда базавий ҳисоблаш миқдорининг 1000 бараваридан ортиқ бўлмаганни ташкил этадиган ҳамда фавқулодда вазият зонаси ишлаб чиқариш объекти ёки ижтимоий мақсадли объект ҳудуди ташқарисига чиқмайдиган фавқулодда вазият.

II. Маҳаллий фавқулодда вазият — фавқулодда вазият натижасида 10 дан ортиқ, бироқ 500 дан кўп бўлмаган одам жабрланган ёхуд 100 дан ортиқ, бироқ 500 дан кўп бўлмаган одамнинг ҳаёт фаолияти шароитлари бузилган ёхуд моддий зарар фавқулодда вазият пайдо бўлган кунда базавий ҳисоблаш миқдорининг 1000 бараваридан ортиқни, бироқ 500 минг бараваридан ортиқ бўлмаган миқдорни ташкил этадиган ҳамда фавқулодда вазият зонаси аҳоли пункти, шаҳар, туман, вилоят ташқарисига чиқмайдиган фавқулодда вазият.

III. Республика фавқулодда вазияти — фавқулодда вазият натижасида 500 дан ортиқ одам жабрланган ёхуд 500 дан ортиқ одамнинг ҳаёт фаолияти шароитлари бузилган ёхуд моддий зарар фавқулодда вазият пайдо бўлган кунда базавий ҳисоблаш миқдорининг 500 минг бараваридан ортиқни ташкил этадиган ҳамда фавқулодда вазият зонаси вилоят ташқарисига чиқадиган фавқулодда вазият.

IV. Трансчегаравий фавқулодда вазият — оқибатлари мамлакат ташқарисига чиқадиган ёхуд фавқулодда вазият чет элда юз берган ва Озбекистон ҳудудига дахл қиладиган фавқулодда вазият.

Фавқулодда ҳолат:

Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 15 декабрдаги «Фавқулодда ҳолат тўғрисида»ги ЎРҚ-737-сон Конституциявий Қонуни қабул қилинган бўлиб, ушбу Конституциявий қонуннинг мақсади Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ёки айрим жойларида фавқулодда ҳолатни жорий этиш шартлари ва тартибини белгилашдан иборат. Ушбу Конституциявий қонуннинг 3-моддасида «фавқулодда ҳолат» тушунчасига ҳуқуқий таъриф берилган.

Фавқулодда ҳолат – Озбекистон Республикаси фуқароларининг, чет эл фуқароларининг ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига, шунингдек, юридик шахсларнинг ҳуқуқларига нисбатан ушбу Конституциявий Қонунда назарда тутилган айрим чекловлар белгилашга йўл қўядиган ҳамда уларнинг зиммасига қўшимча мажбуриятлар юклайдиган, Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ёки айрим жойларида вақтинча жорий қилинадиган давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда ташкилий-ҳуқуқий ва мулкчилик шаклидан қатъи назар, бошқа ташкилотлар, уларнинг мансабдор шахслари фаолиятининг алоҳида ҳуқуқий режими.

Фавқулодда ҳолат Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳаётига, соғлиғига ва хавфсизлигига, Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига ва (ёки) ҳудудий яхлитлигига бевосита таҳдид соладиган ҳамда фавқулодда чоралар қўлламасдан бартараф этиш мумкин бўлмаган ҳолатлар мавжуд бўлган тақдирда, алоҳида ҳолларда жорий этилади.

         Бундай ҳолатларга қуйидагилар киради:

         1. Реал ташқи хавф, Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий тузумини ва (ёки) ҳудудий яхлитлигини зўрлик билан ўзгартиришга уринишлар, оммавий тартибсизликлар, террорчилик ҳаракатлари, шунингдек, зўравонлик ҳаракатлари билан бир вақтда юз берадиган, фуқароларнинг ҳаётига, соғлиғига ва хавфсизлигига, давлат органларининг, бошқа ташкилотларнинг кундалик фаолиятига бевосита таҳдид солувчи ўта муҳим ҳамда тоифаланган объектларни ёки айрим жойларни тўсиш ёки босиб олиш, қонунга хилоф қуролли тузилмаларни тайёрлаш (ташкил этиш) ва уларнинг фаолияти, миллатлараро, конфессиялараро ва чегаравий низолар.

         2. Кенг қамровли авария-қутқарув ишлари ва бошқа кечиктириб бўлмайдиган ишлар амалга оширилишини талаб этадиган йирик ҳалокатлар, табиий офатлар, эпидемиялар ҳамда бошқа табиий ва техноген хусусиятга эга фавқулодда вазиятлар, фавқулодда экологик вазиятлар.

Юқоридагилардан келиб чиқиб хулоса қилиш мумкинки, «фавқулодда вазият» ва «фавқулодда ҳолат» тушунчалари мутлақо бошқа-бошқа тушунчалар бўлиб, меъёрий ҳужжатларда ва оғзаки нутқда уларнинг бири ўрнига иккинчисини қўллаш хато ҳисобланади.

«Фуқаро ҳимояси» журнали 2024 йил 3-сонидан кўчирма