2015 йил 7-май куни “Ўзкимёсаноат” ДАК Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда «Минерал ўғитларни кимё корхоналарида ишлаб чиқариш, сотиш, тарқатиш, «Қишлоқхўжаликкимё» ҲАЖлари омборхоналарида сақлаш тартиб-қоидалари ҳамда уларни қишлоқ хўжалик маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи хўжаликлар далаларига етказиб беришда ўғирланиши, талон-тарож қилиниши, хонадонларда ноқонуний сақланиши ҳамда четга олиб чиқиб кетилишига қарши кураш борасидаги профилактик тадбирларни тўғри ташкил этиш чора-тадбирлари » мавзуида семинар-кенгаш ўтказишди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг марказий аппарати, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ички ишлар бошқармаларининг мутасадди тузилмалар бошлиқлари, шунингдек “Ўзкимёсаноат” компанияси раҳбарияти ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар «Қишлоқхўжаликкимё» ҲАЖлар раҳбарлари қатнашдилар.
“Фарғонаазот” корхонасида бошланган тадбир иштирокчилари минерал ўғитларни ишлаб чиқариш, қадоқлаш, вагонларга ортиш ҳамда ҳужжатлар расмийлаштириш жараёнлари билан таништирилди. Сўнг Андижон вилояти “Қишлоқхўжаликкимё” ХАЖ Ахтачи “Агрокимёкомплекс” туманлараро базасида амалга оширилган ишлар билан таништирилиб, аммиакли селитра минерал ўғитларини қабул қилиш, жойлаштириш, сақлаш ҳамда ташкил этилган инфратузилмалар (минерал ўғитлар сотиш, озиқ-овқат дўконлари, овқатланиш ва маиший хизмат кўрсатиш муассасалари, пайнет ва ҳоказолар) фаолияти ўрганилди.
Ахтачи “Агрокимёкомплекс” туманлараро базаси ўқув залида семинар-кенгашни Андижон вилояти хокими Ш.Абдураҳмонов, вилоят ИИБ бошлиғи полковник Д.Бабажанов ва “Ўзкимёсаноат” компанияси бошқаруви раиси ўринбосари Х.Бекбергеновлар кириш сўзлари билан очиб, бугунги кунда Ички ишлар вазирлиги ҳамда “Ўзкимёсаноат” ДАК ташаббуси билан ўзаро ҳамкорликда ўтказилаётган семинар-кенгашнинг нақадар долзарблиги, мамлакатимизда аммиакли селитра минерал ўғитининг ташилиши, қўриқланиши ва ишлатилишини назорат этиш бўйича республика ички ишлар идоралари ва компания томонидан илғор иш тажрибаларини ҳаётга тадбиқ этиш лозимлигини таъкидладилар.