"Ўзкимёсаноат" АЖ

“Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти тармоқ корхоналари Афғонистонга минерал ўғитлар экспорт қилади

// 06.09.2019
https://uzkimyosanoat.uz/uz/press/news/export-afghanistan

Ўзбекистон Республикаси делегация аъзолари Афғонистон Ислом Республикасига икки давлат ўртасида ижтимоий-иқтисодий масалаларда ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш мақсадида хизмат сафарида бўлиб қайтди. Делегация таркибида “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти вакилларининг иштироки қўшни республика билан қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга олиб чиқишига хизмат қилди.

Музокаралар Қобул шаҳридаги Афғонистон Ислом Республикаси Президенти қароргоҳининг “Коти-Бохча” залида бўлиб ўтди.

Музокарада Афғонистон Ислом Республикасининг Президентининг маслаҳатчилари, Молия вазири, Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари, Савдо-саноат вазири ўринбосари, Транспорт вазири ўринбосари ҳамда  бир қатор вазирлик ва идораларнинг мутассадди вакиллари ҳамда Ўзбекистон делегицияси аъзолари савдо-саноат, ёғ-мой, божхона, транспорт ва қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича муҳокамалар олиб борди.

Афғонистон Ислом Республикасининг Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Шавкат Соҳиб томонидан 10 та муҳим йўналиш бўйича ҳамкорликда ишлаш юзасидан таклиф билдирилди. Жумладан, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган минерал ўғитлар ва пестицидларни мамлакат қишлоқ хўжалигида қўллаш масаласида қизғин муҳокамалар бўлиб ўтди.

Муҳокама якунига кўра, Ўзбекистон Республикаси делегацияси вакиллари минерал ўғитлар ва пестицидларни етарли миқдорда ва келишилган нархларда Афғонистонга етказиб берилиши юзасидан шартнома имзоладилар.

Шартнома шартлари Ўзбекистон Республикаси ҳамда Афғонистон Ислом Республикалари ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиш бўйича имзоланган баёнда акс эттирилди.

Бундан ташқари, олиб борилган музокара ва учрашувлар давомида Афғонистоннинг хусусий сектори, яъни  тадбиркорлари иштирокида “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти тармоқ корхоналарида ишлаб чиқариладиган маҳсулотларининг презентацияси ташкил қилинди ва тарқатма материаллар тарқатилди.

Музокаралар якунида Афғонистон тадбиркорлари ва “Ўзкимёсаноат” АЖга қарашли “Ўзкимёимпекс” МЧЖ ўртасида 2019-2020 йилларда жами 35154,8 тонна минерал ўғитларни етказиб бериш бўйича 10209,9 минг АҚШ долларилик учта шартнома имзоланди.

Келгусида “Ўзкимёсаноат” АЖга қарашли корхоналарда ишлаб чиқариладиган экспортбоп маҳсулотларни Афғонистон Ислом Республикасида янада ҳам кенроқ тарғибот қилиш мақсадида Ўзбекистоннинг Афғонистондаги элчихонасига видео ва презентация матераиллари тақдим этилди. 

 “Ўзкимёсаноат” АЖ Матбуот хизмати