"Ўзкимёсаноат" АЖ

“Атроф-муҳит ҳимоясига барчамиз масъулмиз!” шиори остидаги кўкаламзорлаштириш лойиҳасининг илк тадбири ташкил этилди

// 02.03.2020
https://uzkimyosanoat.uz/uz/press/news/environment0103

“Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти томонидан тизимидаги корхона ва ташкилотлар ҳамда уларга туташ ҳудудларда “Атроф-муҳит ҳимоясига барчамиз масъулмиз!” шиори остида кўкаламзорлаштириш лойиҳасини ташкил этиш белгиланди ҳамда лойиҳаси юқори савияда ўтказиш мақсадида жорий йилнинг март ойи “Ўзкимёсаноат” АЖ тизимида “Кўкаламзорлаштириш ойлиги” деб эълон қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 30 октябрдаги   “2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПФ-5863-сонли фармони ижросини таъминлаш ҳамда “Ўзкимёсаноат” АЖ тизимидаги корхона ва ташкилотлар ҳамда уларга туташ ҳудудларда “Атроф-муҳит ҳимоясига барчамиз масъулмиз!” шиори остида кўкаламзорлаштириш лойиҳасидан кўзланган асосий мақсад корхона-ташкилотлар жойлашган ҳудуд экологик ҳолатини янада яхшилашга кўмаклашиш ҳамда атроф-муҳитни манзарали дарахтлар билан бойитиш ҳисобланади.

Лойиҳа доирасида “Ўзкимёсаноат” АЖ тизимидаги тармоқ корхона ва ташкилотлар томонидан дарахт ва манзарали кўчатлар экиш белгиланган. Илк кўчат экиш тадбири жорий йилнинг 1 март куни Тошкент вилояти, Олмалиқ шаҳрида жойлашган “Ammofos-Maxam” АЖ ҳамда вилоятнинг Ангрен шаҳрида жойлашган “Биринчи резинотехника” МЧЖда ўтказилди.

“Ammofos-Maxam” АЖ томонидан лойиҳа давомида 8050 дона дарахт ва 36000 дона манзарали кўчатлар ҳамда гуллар экилади. “Биринчи резинотехника” МЧЖ томонидан эса 1000 дона дарахт ва 300 дона манзарали кўчатлар экилди.

Тадбирда “Ўзкимёсаноат” АЖ Бошқарув раиси Ж.Мирзамахмудов, корхоналар тизимида фаолият юритаётган ёшлар, масъул ходимлар ҳамда оммавий ахборот воситаси вакиллари иштирок этди.

Бугунги кунда “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти таркибида 16 та йирик ва ўрта кимёвий корхоналар фаолият кўрсатиб келмоқда. Улар томонидан жами 180 тадан ортиқ номдаги кимёвий маҳсулотлар, шу жумладан, 90 га яқин турдаги янги, маҳаллий ва хорижий истеъмолчилар томонидан талаб этилаётган маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда.

Ташкилот томонидан мамлакатимиз кимё саноатини янада ислоҳ қилишга қаратилаётган барча лойиҳаларнинг асосий мақсади, замонавий ишлаб чиқариш технологияларини қўллаш орқали, энергия ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни ифлослантирилишини олдини олишдан иборатдир.

Жумладан, тадбирнинг очилиш маросимида сўзга чиқган “Ўзкимёсаноат” АЖ Бошқарув раиси Ж.Мирзамахмудов, Ўзбекистон Республикаси экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш Давлат Қўмитаси билан келишилган, “2019-2022 йиллар давомида “Ўзкимёсаноат” АЖ корхоналари томонидан атроф-муҳитга зарарли ташланмалар ва ифлослантирувчи моддаларни камайтириш чора-тадбирлари” режасининг бажарилиши натижасида тармоқ корхоналари томонидан атмосферага зарарли моддалар ташланмалари 2018 йилга нисбатан 413,8 тоннага камайтирилганлигини таъкидлаб ўтди.

Чора-тадбирлар режасига кўра, “Аммофос-Максам” АЖ томонидан цехларни реконструкция ва модернизация қилиш ҳисобига йилига 36,6 тонна аммиак ва 3,4 тонна водород фторидни камайтиришга эришилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг атроф муҳитни муҳофаза қилиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида “Ўзкимёсаноат” АЖ тармоқ корхоналарида 2020-2022 йилларда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш” бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, Ўзбекистон Республикаси экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш Давлат Қўмитаси билан келишилди.

Унга кўра, тармоқ корхоналарида атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи манбааларидан намуналар олиш ва таҳлил қилиш, шунингдек, уларга туташ ҳудудларда стационар автоматик кузатиш постлари билан босқичма-босқич жиҳозлаш, сув тозалаш иншоотларини ва технологик жараёнларни реконструкция хамда модернизация қилиш ишларини олиб бориш натижасида атроф-муҳитга чиқарилаётган зарарли ташланмалар, суюқ ва қаттиқ чиқиндиларни 20% камайтириш кўзда тутилган.

Шунингдек, “Ўзкимёсаноат” АЖ томонидан юқорида санаб ўтилган амалий ишлар билан бир қаторда келажак авлодга экологик жиҳатдан соф табиатни қолдириш, атроф-муҳит ҳимоячиси бўлган яшил ҳудудларни янада кенгайтиришга қаратилган март ойи давомида ўтказиладиган “Атроф-муҳит ҳимоясига барчамиз масъулмиз!” шиори остида кўкаламзорлаштириш лойиҳаси ҳам амалга оширилмоқда. Лойиҳа доирасида ташкилот тизимидаги корхоналар томонидан 60 мингдан ортиқ дарахтлар ва 80 мингдан ортиқ манзарали кўчатлар ҳамда гуллар экилиши режалаштирилган.

Дунё миқёсида кузатилаётган глобал исиш сабабларидан бири тропик ўрмонларни йўқ қилиш орқали яратилган ортиқча иссиқхона газлари ҳисобланади. Карбонат ангидрид эса (CО2) асосий иссиқхона газларидан саналанади. Дарахтлар фотосинтез жараёнида ушбу зарарли CО2ни кислород айлантиради. Маълумотларга кўра, бир йил давомида 4047 кв. м. ҳудудга экилган катта дарахтлар 42000 км масофани босиб ўтган автомобиль томонидан ҳосил бўладиган CО2 миқдорини зарарсизлантиради.

Шунингдек, яшил дарахтзорлар аҳоли пунктларининг санитар-гигиеник шароитларини яхшиловчи восита (ҳавонинг таркибини яхшилаш, уни касаллик келтириб чиқарувчи микроорганизмлардан тозалаш, чанг, газ, саноат чиқиндиларидан ҳимоя қилиш) ҳам ҳисобланади. Дарахт ва бута ўсимликлари шовқинни ўзига сингдиради. Бу эса шаҳар шароитида, айниқса, муҳимдир. Ҳиёбон ва боғлар эса одамларга эстетик завқ бағишлайди, асаб системасини тинчлантиради ва севимли дам олиш маскани бўлиб хизмат қилади.

“Ўзкимёсаноат” АЖ Матбуот хизмати