"Ўзкимёсаноат" АЖ

«Ўзкимёсаноат» АЖ ташаббуси билан «Деҳқонобод калий заводи» АЖ ҳомийлигида Консой қишлоғига электр токи етказиб берилди

// 19.12.2022
https://uzkimyosanoat.uz/uz/press/news/dkz-elektr-toki

«Ўзкимёсаноат» АЖ ташаббуси билан, яқин-яқингача электр токи етиб бормаган, аҳолиси эса асосан шам ва бошқа ёритиш қурилмаларидан фойдаланиб кун кечираётган Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманининг олис, электр энергияси тармоғидан 11 км  узоқликдаги тоғли ҳудудда жойлашган Консой қишлоғига 10 кВ юқори кучланишли ҳаво линияси тортилди. «Деҳқонобод калий заводи» АЖ ҳомийлигида амалга оширилган лойиҳа доирасида қишлоқ ҳудудига трансформатор ўрнатилиб, электр энергияси истеъмоли учун 0,4 кВ ҳаво линияси қурилиш ишлари якунланди. Электр узатиш тармоғи учун жами 160 дона  таянч устунлари ўрнатилди.

Мазкур қишлоқ «Янги Ўзбекистон» МФЙга қарашли бўлиб, 36 та хонадонда 146 нафар аҳоли истиқомат қилади. Қишлоқда ягона бўлган мактабда 48 нафар ўқувчи таҳсил олади. Ушбу ҳайрли лойиҳа қишлоқ аҳолисига қувонч, жажжи болаларнинг мурғак қалбию кўзларига бахтиёрлик улашди. Бу ишга маъсул жамият ходимлари ва аҳоли вакиллари билан бўлган суҳбатда қишлоқ ўқитувчиси Р.Хуррамов: «Қишлоғимизга электр токи етиб келиши, бизнинг ёруғ кунга қадам қўйишимиз»,- дея шам ёруғидаги тунлар ўрнини энди ёруғ кун эгаллашини таъкидлади.

«Ўзкимёсаноат» АЖ Матбуот хизмати