"Ўзкимёсаноат" АЖ

“Қўнғирот сода заводи” МЧЖда давлат тилида иш юритилиш ҳолати ўрганилди

// 10.12.2020
https://uzkimyosanoat.uz/uz/press/news/deloproizvod-kungrad-soda

Мамлакатимиз кимё саноатида ўзига хос ўринга эга бўлган “Қўнғирот сода заводи” Ўрта Осиёда кальцийлаштирилган сода ишлаб чиқарувчи ягона корхонадир. Мазкур заводда маҳаллий хом-ашёлардан ишлаб чиқариладиган маҳсулот нафақат ички бозор эҳтиёжларини қоплайди, балки ташқи бозорга ҳам экспорт қилинади.

Кальцийлаштирилган сода кимё саноати, нефть кимёси ва рангли металлургия, қурилиш соҳалари, иссиқлик электр станциялари, қозонхона ва бошқа ишлаб чиқариш қурилмаларини тозалаш учун асосий кимёвий маҳсулотдир.

Йирик меҳнат жамоасига эга бўлган корхонада маънавий-маърифий ишлар ва давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши бўйича мавжуд ҳолат ўрганилди.

“Ўзкимёсаноат” АЖ кўрсатмасига асосан корхонага тегишли ҳудудлар ва бинолардаги ёзувлар, маҳсулотларни намойиш қилувчи тақдимот ва тарғибот матнлари ҳамда чиқувчи ҳужжатларнинг қатъий тартибда давлат тилида бўлиши, орфография талабларига жавоб бериши каби йўналишларда қатор ишлар амалга оширилган. Шу билан бир қаторда, мазкур жабҳада ўз ечимини кутаётган муаммолар ҳам аниқланди.  

Ўрганиш якунида масъул ходимларга соҳада бажарилиши зарур бўлган вазифалар, ходимларнинг Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш марказларида ўқитиш юзасидан зарур тавсиялар берилди. Давлат тилини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан чоп этилган беш жилдлик “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” тақдим этилди.

 “Ўзкимёсаноат” АЖ тармоқ корхоналарида мазкур йўналишдаги ўрганишлар давом эттирилади.

 

“Ўзкимёсаноат” АЖ Матбуот хизмати