"Ўзкимёсаноат" АЖ

“Чирчиқ” кимё-индустриал технопаркида амалга оширилиши режалаштирилаётган ишлар тақдимоти ўтказилди

// 21.01.2022
https://uzkimyosanoat.uz/uz/press/news/chirchiq-kimyo-industrial-texnopark

“Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти томонидан ҳозирги кунда Чирчиқ шаҳрида қурилаётган “Чирчиқ” кимё-индустриал технопаркига Татаристон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – саноат ва савдо вазири А.Каримов бошчилигидаги делегация аъзолари ташриф буюрди ҳамда ушбу технопаркда олиб борилаётган қурилиш ишлари билан яқиндан танишди.

Делегация аъзолари технопарк иншоотлари қурилишининг бориши билан танишдилар ва қурилаётган ҳар бир ишлаб чиқариш бўлинмасига ташриф буюрдилар. Учрашув давомида ҳар бир бинонинг ўлчамлари, муҳандислик инфратузилмалари, мавжуд юкламалар ва тармоқларнинг имкониятлари ҳамда делегация аъзоларини қизиқтирган барча масалалар бўйича батафсил маълумот берилди.

Ундан сўнг “Maxam-Chirchiq” акциядорлик жамиятининг Кимёгарлар саройида кимё-индустриал технопаркида амалга оширилиши режалаштирилаётган инвестиция лойиҳалари ва ишлаб чиқариш тармоқлари фаолиятини йўлга қўйиш юзасидан тақдимот ўтказилди.

Тақдимотда Татаристон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – саноат ва савдо вазири А.Каримов бошчилигидаги делегация аъзолари, Инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосари Х.Тешабоев, “Ўзкимёсаноат” АЖ бошқарув раиси ўринбосари Е.Коржиков, Тошкент вилоят ҳокими ўринбосари Н.Шарипов, Чирчиқ шаҳар ҳокими Д.Ҳидоятов ва оммавий ахборот воситаси вакиллари иштирок этди.

Қайд этилганидек, мазкур технопаркнинг умумий майдони 31,2 гектар бўлиб, 2 минг 200 та иш ўринлари яратилади. Муҳандислик инфратузилмаси имкониятлари ҳам етарлича таъминланган. Шунингдек, бу ерда саноат бинолари 133 минг квадрат метр, маъмурий бинолар 11 минг 700 квадрат метр, омборхоналар тармоғи эса 30 минг квадрат метрни ташкил этади.

Тақдимот давомида инвестиция лойиҳаларини таклиф қилаётган резидентлар учун бир қатор шартлар белгиланганлигига тўхталиб ўтилди. Хусусан, ишлаб чиқарувчи асбоб-ускуналарни олиб келиш учун солиқ ва божхона имтиёзлари берилаётгани, муҳандислик инфратузилмаси учун ер участкаларини бериш борасида электр, сув ва газ таъминоти, дренаж, интернет ва алоқа тармоқлари, автомобиль йўллари ва темирйўл хизматлари таклиф этилаётгани таъкидлаб ўтилди.

Тақдимотдан сўнг татаристонлик мутахассислар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олдилар. Куннинг иккинчи қисмида ўтказилган музокаралар натижасида 20 дан ортиқ лойиҳани амалга ошириш ва ишлаб чиқариш объектларини технопарк ҳудудида жойлаштириш бўйича дастлабки келишувларга эришилди.

“Ўзкимёсаноат” АЖ Матбуот хизмати