"Ўзкимёсаноат" АЖ

Бухорода кимё саноати тадбиркорларининг муаммо ва таклифлари ўрганилди

// 01.07.2026
https://uzkimyosanoat.uz/uz/press/news/buhoroda-kimyo-sanoati-tadbirkorlarining-muammo-va-takliflar

Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан ўтказиладиган VI очиқ мулоқотига тайёргарлик доирасида “Ўзкимёсаноат” АЖ раҳбариятининг ҳудудларда бизнес вакиллари билан бевосита учрашувлари давом этмоқда. Навбатдаги учрашувлар Бухоро вилоятида ташкил этилиб, кимё саноати соҳасида фаолият юритаётган қатор корхоналарга ташриф буюрилди.

Хусусан, “Navoiy Smart Plast” МЧЖ, “Bereket Kimyo Agro” МЧЖ ҚК ҳамда “Nazir Shoxjaxon” МЧЖда ўтказилган мулоқотлар давомида ишлаб чиқариш жараёнида юзага келаётган муаммолар, тармоқни янада ривожлантиришга доир таклифлар ҳамда тадбиркорларни қизиқтираётган долзарб масалалар муҳокама қилинди.

Учрашувларда тадбиркорлар томонидан хом ашё таъминоти, тайёр маҳсулотларни ташқи бозорларга чиқариш, экспорт салоҳиятини ошириш ҳамда ишлаб чиқариш самарадорлигини юксалтиришга оид қатор таклиф ва мурожаатлар билдирилди.

Мулоқотлар давомида келиб тушган ҳар бир мурожаат юзасидан масъуллар иштирокида атрофлича муҳокама ўтказилиб, уларнинг ечимини таъминлаш бўйича аниқ вазифалар ва амалий чора-тадбирлар белгилаб олинди. Айрим масалаларни жойида ҳал этиш юзасидан тегишли топшириқлар берилди. Шунингдек, ҳудудда янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш, маҳсулотлар турини диверсификация қилиш ҳамда тадбиркорлик субъектларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмларини янада такомиллаштириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Бундай очиқ мулоқотлар давлат органлари ва бизнес ҳамжамияти ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, тармоқдаги мавжуд муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш, шунингдек, тадбиркорликни ривожлантириш учун янада қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантиришга хизмат қилмоқда.