Пойтахтимизда “Азот Синтезгаз. Ўзбекистон ва МДҲ” В юбилей халқаро конгресси ўз ишини бошлади. Икки кун давом этадиган тадбирда газ-кимё саноатининг долзарб масалалари ва ривожланиш истиқболлари муҳокамалар марказида бўлади. Конгресс ишида “Ўзкимёсаноат” АЖ стратегик ҳамкор сифатида иштирок этмоқда.
Халқаро анжуманда 200 дан ортиқ тармоқ вакили, жумладан, аммиак, метанол ва минерал ўғитлар ишлаб чиқарувчилари, синтез-газни қайта ишлаш корхоналари, инвесторлар, технологик компаниялар ҳамда ускуналар етказиб берувчилар жам бўлди.
Тадбир доирасида минтақада синтез-газни қайта ишлаш истиқболлари, янги инвестиция лойиҳалари, экологик модернизация ва ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш масалалари муҳокама қилинмоқда. Мазкур йўналишлар “Ўзкимёсаноат” АЖ учун ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлиб, тармоқда замонавий технологияларни жорий этиш, ишлаб чиқариш қувватларини ривожлантириш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш билан бевосита боғлиқ.
Шунингдек, муҳокамалар давомида сунъий интеллект ва Индустрй 4.0 ечимларини ишлаб чиқаришга татбиқ этиш, янги авлод катализаторларидан фойдаланиш, экспорт йўналишларини кенгайтириш, логистика ва таъминот занжирларини такомиллаштириш ҳамда газ-кимё лойиҳаларини молиялаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Конгресс дастури доирасида 40 дан ортиқ маърузачи ва тармоқ экспертининг иштироки, шунингдек, 15 дан зиёд истиқболли инвестиция лойиҳасининг тақдимоти кўзда тутилган. Бундан ташқари, иштирокчилар учун индивидуал учрашувлар, давра суҳбатлари, бизнес-тушликлар ва ишбилармонлик алоқаларини ўрнатишга қаратилган тадбирлар ташкил этилмоқда.
“Ўзкимёсаноат” АЖ учун мазкур халқаро майдон хорижий компаниялар, инвесторлар ва технологик ҳамкорлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш, янги инвестиция имкониятларини ўрганиш ҳамда кимё саноатига илғор технологияларни жалб этиш борасида муҳим аҳамият касб этади.
Халқаро конгресс 19 ноябрь куни ҳам ўз ишини давом эттиради. Унда тармоқнинг истиқболли йўналишлари бўйича муҳокамалар ва ишбилармонлик учрашувлари бўлиб ўтади.