"Ўзкимёсаноат" АЖ

Аudi автомобиль пластмассаларини қайта ишлаш бўйича янги компания ташкил этди

// 19.11.2026
https://uzkimyosanoat.uz/uz/press/news/audi-avtomobil-plastmassalarini-qayta-ishlash-buyicha-yangi-

Германиянинг Audi AG автомобиль ишлаб чиқарувчиси фойдаланиш муддати тугаган транспорт воситаларидан хомашёни ажратиб олиш ва қайта ишлаш билан шуғулланувчи Audi Circular Solutions номли шўба компаниясини ташкил этди.

Компания маълумотига кўра, янги тузилманинг асосий йўналишларидан бири пластмассаларни қайта ишлаш ва уларни автоконсерннинг етказиб бериш занжирига қайта жалб этиш орқали бирламчи полимер хомашёсига бўлган қарамликни камайтиришдан иборат.

Янги корхона 2027 йил бошида ўз фаолиятини бошлайди. Лойиҳа Audi Materialloop ташаббуси доирасида тўпланган тажриба ва ишланмаларга асосланган. Ушбу ташаббус доирасида автомобиль ишлаб чиқарувчиси етказиб берувчилар ва илмий муассасалар билан ҳамкорликда материалларни ажратиб олиш ҳамда уларни серияли ишлаб чиқаришга қайтариш технологияларини синовдан ўтказмоқда.

Ихтисослашган операторнинг ташкил этилиши автомобиль саноатининг Европа Иттифоқида транспорт воситаларини утилизация қилиш тўғрисидаги ЭЛВР регламенти кучга киришига тайёргарлик кўриши билан боғлиқ.

Янги талабларга мувофиқ, 2032 йил сентябридан бошлаб янги енгил автомобиллар ва фургонларда ишлатиладиган полимерларнинг умумий массасида иккиламчи пластмасса улуши камида 15 фоизни ташкил этиши, 2036 йил сентябрига келиб эса бу кўрсаткични 25 фоизга етказиш белгиланган.

Бунда иккиламчи пластмассанинг камида бешдан бир қисми бевосита утилизация қилинган автомобиллардан олинган материаллар ҳиссасига тўғри келиши лозим.

Янги тузилма Volkswagen бош компаниясининг ёпиқ циклли иқтисодиётни ривожлантиришга қаратилган ягона стратегиясининг бир қисмига айланади. Аввалроқ концерн вакиллари сифатли автомобиль иккиламчи хомашёси тақчиллиги мавжудлигини таъкидлаб, Германиянинг Свиккау шаҳридаги заводни циркуляр иқтисодиёт марказига айлантириш учун 90 миллион еврогача (98,9 миллион АҚШ доллари) инвестисия киритиш режасини эълон қилган эди.

Мазкур марказ 2030 йилга келиб йилига 15 мингтагача автомобилни қайта ишлаш қувватига эга бўлиши кутилмоқда.