“Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамиятида Саудия Арабистонининг Arkan Hermes Group халқаро компанияси Бошқарув раиси ўринбосари Муҳаммед Файяз Хан (Mohammed Fayyaz Khan) ҳамда “Ўзкимёсаноат” АЖ Бошқарув раиси Ж.Мирзамахмудов иштирокида олиб борилган музокаралар давомида ўзаро Англашув меморандуми имзоланди.
Англашув меморандумига мувофиқ, Ўзбекистоннинг кимё саноатига, хусусан “Навоийазот” АЖ негизида ташкил этилиши режалаштирилган “Поливинилхлорид ва каустик сода ишлаб чиқариш” (II-босқич) ҳамда кимё соҳасидаги бошқа истиқболли инвестицион лойиҳалар доирасида Саудия Арабистони компанияси томонидан инвестиция киритилишини ўрганиб чиқиш бўйича келишиб олинди.
Arkan Hermes Group компаниясининг бош офиси Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида жойлашган бўлиб, Европа мамлакатларида ва кўплаб ривожланган мамлакатларда офислари мавжуд бўлиб, у инновацион ечимларга эга, саноатнинг кўплаб соҳаларида фаолият юритувчи номдор компаниялардан ҳисобланади. Ушбу компания молиявий хизматлар кўрсатиш, ишлаб чиқариш ва ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, бош пудратчи хизматлари ҳамда кўчмас мулк билан шуғулланувчи компаниялар гуруҳидан иборат.
Arkan Hermes Group ҳамда “Ўзкимёсаноат” АЖ ўртасида имзоланган Англашув меморандумига кўра, ушбу компания юқорида номлари келтириб ўтилган инвестиция лойиҳаларига тўғридан-тўғри инвестиция киритиш истагини билдирган. Arkan Hermes Group ўзининг Европа мамлакатларидаги ишлаб чиқариш соҳаларида орттирган тажрибалари, юқори технологик ва инновацион ечимларини мамлакатимизда амалга ошириладиган лойиҳаларга тадбиқ этади.
Юқорида келтириб ўтилган инвестицион лойиҳаларнинг техник-иқтисодий асосларини ҳамкорликда ўрганиб чиқиш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган долзарб вазифаларни жорий йилнинг июль ойига қадар якунлаш томонлар ўртасида имзоланган ўзаро Англашув меморандумида кўрсатиб ўтилди.
“Ўзкимёсаноат” АЖ Матбуот хизмати