"Ўзкимёсаноат" АЖ

“Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамиятида коррупцияга қарши курашиш бўйича тизим яратилмоқда

// 25.08.2021
https://uzkimyosanoat.uz/uz/press/news/anticorruption-tizim

Республикамизда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишда давлат ва жамият қурилишининг барча соҳаларида, шу жумладан, саноат объектларида коррупцион омилларга чек қўйишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда.

Жумладан, ушбу йўналишда Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентнинг 2019 йилд 27 майдаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5729-сонли ва 2020 йил 29 июндаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6013-сонли Фармонлари ва бир қатор бошқа ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 6 июлда қабул қилинган “Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6257-сон фармони ва “Коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-5177-сон қарори мазкур соҳада ишларни жаддаллаштириши билан бирга коррупция ҳолатларининг ҳар қандай кўринишига нисбатан муросасиз муносабатда бўлиш ва унга қарши аёвсиз курашиш барча даражадаги давлат органлари раҳбар ва ходимларининг энг устувор вазифаси этиб белгиланди.

Мазкур йўналишда зарурий чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадида “Ўзкимёсаноат” АЖда Комплаенс хизмати ташкил этилди ва “Йўл харитаси” асосида бажариладиган ишлар белгилаб олинди. Шу билан бирга коррупцияга қарши курашиш бўйича ички меъёрий ҳужжатлар яъни “Коррупцияга қарши сиёсат”, “Ахлоқ кодекси”, “Манфаатлар тўқнашувини бошқариш сиёсати”, “Совға бериш ва қабул қилиш сиёсати” каби 10 дан ортиқ ички меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди ва комплаенс назорат тизими босқичма-босқич кимё саноати корхоналарига тадбиқ этилмоқда.

Ишлаб чиқилган ички меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ўрнатилган тартибда жамият ходимлари таништирилган ва доимий равишда электрон тарзда ахборот олиш учун жамиятнинг ички тармоғида ва расмий-веб сайтида жойлаштирилган.

Коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар талаблари асосида ташкил этилган ишлар ва ахборот каналлари орқали келган маълумотлар таҳлили натижасида жорий йилда “Ўзкимёсаноат” АЖ коррупциоген ҳолатлар 4 та йўналишда қайд этилганлигини кузатиш мумкин.

  1. Фуқароларни ишга олиш ва меҳнат муносабатларида манфаатлар тўқнашуви;
  2. Харидларни ташкил этиш соҳасида;
  3. Корхона омборхоналаридаги товар-моддий бойликларини ва тайёр маҳсулотларни сақлаш соҳасида;
  4. Логистика-транспорт воситаларини техник эксплуатацияси соҳасида.

2021 йил 1 июль ҳолатига жисмоний ва юридик шахслардан кимё саноати корхоналарга келаётган мурожаатларнинг асосий қисми яъни 47 фоизида кимё саноати корхоналарига ишга олиш, меҳнат муносабатларидаги муаммолар мавжудлиги маълум қилинган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 6 июлдаги “коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-5177-сон қарори талаблари асосида жорий йилнинг сентябрь ойидан ишга қабул қилиш очиқ танлов асосида амалга оширилади. Шунингдек, ўтказиладиган синов тадбирларини Интернет орқали реал вақт режимида кузатиш таъминланади.

Меҳнат муносабатларида қонун бузилиш ҳолатларини ўрганиш мақсадида жами 26 та хизмат суриштируви ўтказилган, натижалари бўйича тегишли хулосалар таёрланган ва айбдорларга нисбатан чоралар кўрилган.

Шу билан бирга товар-моддий бойликларини сотиб олиш жараёнида “инсон омили”ни чеклаш ва коррупциянинг олдини олиш мақсадида тўғридан-тўғри сотиб олиш амалиётига чек қуйилиб, “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонун талаблари асосида харидлар амалга оширилиши натижасида тизим корхоналари томонидан жорий йилда 1,7 млрд. сўм харажатлар иқтисод қилинишига эришилди.

Кимё саноати корхоналари томонидан тайёр маҳсулотни сақловга берилган тадбиркорлик субъектларида 58,4 млрд. сўмдан ортиқ минерал ўғитлар камомади аниқланди. Қонуний чора кўриш мақсадида мазкур ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқ-тартибот органларига юборилди.

Шу билан бирга тармоқ корхоналарда 4,0 млрд. сўмга яқин минерал ўғит, 500,0 млн. сўмдан ортиқ товар моддий бойликлари ва 100,0 млн. сўмдан ортиқ ёқилғи-мойлаш материалларини талон-тарож қилишнинг олди олинди.

Бундан ташқари кимё корхоналарида металлолом йиғиш ва бошқа харажатлар учун ишчи ходимлардан пул йиғишга ҳолатига чек қўйилди.

Коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича фаолиятнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш соҳасида жорий йил давомида оммавий ахборот воситалари ва расмий веб-сайтлари орқали жами соҳага оид 25 та материаллар жойлаштирилган. Жумладан, “Ўзкимёсаноат” АЖ 5 та, “Навоийазот” АЖ 7 та, “Farg’onaazot” АЖ – 3 та, “Деҳқонобод калий заводи” АЖ – 4 та, “Maxam-Chirchiq” АЖ – 3 та, “Биринчи резинотехника заводи” МЧЖ – 2 та, “Жиззахпластмасса” АЖ 1та соҳага оид маълумотлар жойлаштирилган.

Бундан ташқари, AОКAда жорий йилнинг 23 апрель ва 21 август кунларии ўтказилган брифингда “Ўзкимёсаноат” AЖ Матбуот хизмати Комплаенс хизмати томонидан жамият ва тармоқ корхоналарида коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилган ишлар тўғрисида маълумот берди. Бу тадбир 10 дан ортиқ интернет нашрларида ва “Uzreport” ҳамда “Ўзбекистон 24” телерадиоканалларида ёритилди.

“Ўзкимёсаноат” АЖда тасдиқланган “Йўл харитаси”да тизим корхоналари ходимлари ўртасида коррупцияга қарши курашиш соҳасида тушунтириш ишларини олиб бориш, ходимларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш мақсадда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Бош прокуратура, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти масъул ходимлари ҳамда Тошкент давлат иқтисодиёт университети профессор-ўқитувчилари иштирокида 4 та семинар ўтказилди.

Давлат хавфсизлик хизмати ва Сирдарё вилояти прокуратураси тақдимномалари асосида жиноят иши доирасида аниқланган камчиликларни бартараф этиш ҳамда жамият ходимлари орасида иқтисодий жиноятларга нисбатан муросасизлик ҳиссини шакллантириш ва жиноятларнинг оқибатлари хусусида 3 та тушунтириш профилактик тадбирлар амалга оширилди.

“Ўзкимёсаноат” АЖ ходимларда қабул қилинган меъёрий ҳужжатларни ўзлаштириш даражасини аниқлаш ҳамда коррупцияга нисбатан ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини баҳолаш мақсадида тест синовлари ўтказилди ва унда жамиятнинг 73 нафар ходими “Test.uks.uz.” платформаси орқали тест синовларида катнашди. Тест саволлари натижасида аниқланган кўрчаткичлар асосида ходимларнинг кейинги ўқув-семинарларда тушунтириш профлактик тадбирлар йўналиши белгилаб олинади.

Жамият ва тизим корхоналари ходимларда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, уларни ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш мақсадида компаленс хизмати ходимлари ва ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари иштирокида жорий йилда жами 97 та тушунтириш-профилактик тадбирлари амалга оширилди.

Шу ўринда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Коррупциянинг ҳар қандай кўринишига муросасиз бўлиш кундалик ҳаёт тарзимизга айланиши шарт. Бу иллатга қарши курашишга барча давлат органлари, сиёсий партиялар, жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари, умуман, ҳар бир фуқаро сафарбар этилиши зарур” деган чақириғи бизнинг ҳаётий шиоримизга айланиши лозимлигини таъкидлаб ўтмоқчиман.

Шундай экан ҳар бир кимё саноати тизимидаги корхона раҳбарлари бундай ҳолатларни олдини олиш ва чек қўйиш учун маъсул эканликларни англаб етиши лозим.

“Ўзкимёсаноат” АЖ ўз навбатида, коррупцияга қарши талаблар ва ахлоқий меъёрларни ҳисобга олган ҳолда ҳар доим ўз зиммасига олган мажбуриятларини виждонан бажаради, қонун ҳужжатларига қатъий риоя қилади, тенг рақобат тамойилларига амал қилади ва ҳалоллик, очиқлик ва виждонлиликнинг корпоратив маданиятини шакллантиришга катта эътибор беради.

Ж.Мирзамаҳмудов,

“Ўзкимёсаноат” АЖ Бошқарув раиси