"Ўзкимёсаноат" АЖ

“Аммофос-Максам” АЖда “Раҳбар ва ёшлар” учрашуви бўлиб ўтди

// 18.09.2025
https://uzkimyosanoat.uz/uz/press/news/ammofos-maksam-azhda-rahbar-va-yoshlar-uchrashuvi-bulib-utdi

Бугунги кунда ёшларга қаратилган эътибор, уларнинг фикрини эшитиш, салоҳиятини тўлиқ намоён этиши учун шароит яратиш мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий тараққиётида муҳим омиллардан бирига айланган. Шу нуқтаи назардан келиб чиқиб, «Ўзкимёсаноат» акциядорлик жамияти томонидан тизимдаги ёш мутахассислар билан очиқ ва тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйиш мақсадида «Раҳбар ва ёшлар учрашуви» ташкил этиб келинмоқда.

«Ўзкимёсаноат» АЖ раиси Одил Темировнинг навбатдаги учрашуви “Аммофос-Максам” АЖ ёшлари билан бўлиб ўтди.

Тадбирда “Ўзкимёсаноат” АЖ бошқаруви аъзолари, “Аммофос-Максам” АЖ раҳбарияти, корхонада фаолият юритаётган ёш мутахассислар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирнинг асосий мақсади – ёшлар томонидан билдирилаётган ташаббус, таклиф ва ғояларни амалий қўллаб-қувватлаш, уларнинг иш жойида дуч келаётган муаммоларини ўрганиш, жамоадаги ижтимоий-психологик муҳитни яхшилаш ҳамда раҳбарият ва ёшлар ўртасида доимий, самарали мулоқотни йўлга қўйишдан иборатдир.

Учрашувда ёшлар ўз таклиф ва саволлари билан тўғридан-тўғри раҳбариятга мурожаат қилиш имкониятига эга бўлишди. Айниқса, иш муҳитидаги шароитлар, малака ошириш имкониятлари, моддий ва маънавий рағбатлантириш тизими бўйича қатор таклиф ва ташаббуслар билдирилди.

Хусусан, корхона ёшларини олий таълим билан қамраб олиш, ёш мутахассисларни малакаларини оширишлари учун юртимиздаги бошқа тармоқ корхоналари фаолиятини ўрганиш, ишлаб чиқаришга илғор инновацион технологияларни жорий этиш каби масалалар шулар жумласидандир.

Раҳбарият бу таклифларни алоҳида қайд этиб, айрим лойиҳаларни амалиётга татбиқ этилишини маълум қилди. Шунингдек, раҳбарият ва ёшлар ўртасидаги самарали мулоқотни кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Тадбир сўнгида ёшлар фаоллиги, уларнинг ишлаб чиқариш жараёнидаги иштироки ва ташаббускорлиги юқори баҳоланди. Айрим фаол ёшлар ташаккурномалар ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Бундай учрашувлар ёшларнинг ўз соҳасига бўлган меҳрини янада ошириш, уларда масъулият ва ташаббускорликни юксалтиришда муҳим ўрин тутаётгани таъкидланди.

«Ўзкимёсаноат» АЖ тизимида «Раҳбар ва ёшлар учрашуви» анъанага айланиб бормоқда. Бу эса нафақат мустаҳкам ички корпоратив маданиятни шакллантириш, балки тизимдаги кадрлар сиёсатида ёшларнинг ўрни ва ролини кучайтиришга хизмат қилмоқда. Ёшлар билан олиб борилаётган бундай очиқ мулоқотлар, уларга нисбатан билдирилаётган ишонч ва эътибор – соҳа тараққиётининг мустаҳкам пойдевори ҳисобланади.

«Ўзкимёсаноат» АЖ Матбуот хизмати