"Ўзкимёсаноат" АЖ

// 28.06.2024
https://uzkimyosanoat.uz/uz/press/news/a79e1c60-4176-457e-a393-d30a8772031b


Икки давлат ўртасидаги кўп йиллик самарали ҳамкорликнинг эзгу анъаналари янги лойиҳалар учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қиляпти. 

Татаристон республикаси раиси Рустам Минниханов бошчилигидаги делегация «Навоийазот» АЖда бўлди. Меҳмонлар “Chemistry international” МЧЖ фаолияти билан яқиндан танишдилар. Лойиҳа қиймати 28,5 млн. доллар бўлган мажмуа замонавий технологиялар билан таъминланган. Йилига 6000 тонна гидросипропилметилселлюлоза, 10000 тонна пахта целлюлозаси ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган корхонада ҳозирда 100 нафарга яқин ходим меҳнат қилади.  Меҳмонлар маҳсулот сифати, ходимлар учун яратилган имкониятларни кўздан кечириб, қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

Татаристон республикаси раиси бошчилигидаги делегация аъзолари жамият негизидаги «ЖВ Cонтиназ»МЧЖ қўшма корхонасида ҳам бўлишди. Умумий қиймати 16 млн. доллар бўлган корхонада дастлаб карбамид формалдегид концентрати, КФК-85 бўлган техник формалин ишлаб чиқарилган бўлса, ҳозирда сульфат кислотаси, натрий сулфид ҳамда қурилишда ишлатиладиган елим ҳам тайёрланмоқда.

Юқори мартабали меҳмон корхона негизида барпо этилиши кутилаётган янги лойиҳалар тақдимоти билан танишди. 

Кимёвий маҳсулотлар ва минерал ўғитларни ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, маҳаллийлаштириш, экспорт имкониятларини ишга солиш, тежамкор технологиялар ва замонавий ёндашув асосида барпо этилаётган лойиҳалар меҳмонларда қизиқиш уйғотди.

Мулоқот чоғида келгусида кимё саноатида Ўзбекистон ва Татаристон ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашга оид муҳим келишувларга эришилди.

«НАВОИЙАЗОТ» АЖ АХБОРОТ ХИЗМАТИ